Террел Жермейн Старр АҚШнинг етакчи илмий-тадқиқот институтида катта илмий ходим ҳамда “The Root” онлайн журнали мухбиридир.

У, шунингдек, ташқи сиёсат, саёҳатлар, маданият ва янгиликлар тўғрисидаги ҳафталик “Black Diplomats” радиоэшиттиришининг асосчиси ва бошловчиси саналади.

Айни пайтда Т.Старр ўзининг шахсий китобини нашр этиш устида ишламоқда. Мазкур китоб бобларидан бири америкаликларнинг 1932-1933 йилларда юртимизда бўлган даврига бағишланган. «Ҳарлем Уйғониш» маданияти ёзувчиларидан бири ва «жаз шеъриятининг» асосчиси Лангстон Хюз ва Оливер Голден ўша пайтлар Тошкент вилоятида пахтанинг янги навларини яратиш билан шуғулланган.

Т.Старр Л.Хюзнинг саёҳати тўғрисида мавжуд архив материалларини ўрганишни ва китобининг алоҳида бобини Ўзбекистон шаҳарлари, республиканинг тарихий-маданий мероси ва сайёҳлик салоҳиятига бағишлашни режалаштирган.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида бўлиб ўтган учрашувда меҳмон Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, мамлакатимиз туризм соҳасидаги ислоҳотлар, янги туристик маҳсулотлар, иншоотлар, дам олиш жойлари ва йўналишлари, шунингдек, миллий гастрономия, ҳунармандчилик ва бошқалар билан танишди.

– Ўзбекистон меҳмондўстлиги, бой тарихий ва маданий мероси билан яққол ажралиб туради, – дейди T.Старр. – Ҳали кашф қилинмаган баъзи қизиқарли жойларни зиёрат қилишни истаган ҳар бир инсон учун Ўзбекистонни, янги имкониятларни ва унинг очиқлигини кўрсатиш керак.

Мутахассис, шунингдек, Американинг етакчи оммавий ахборот воситалари, шунингдек, унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида республикамизнинг туристик салоҳияти тўғрисида тегишли хабар ва материалларни нашр этиш орқали Ўзбекистоннинг туризм брендини тарғиб қилиш ғоясини қўллаб-қувватлади.

Мамлакатнинг сайёҳлик салоҳияти, тарихи ва урф-одатлари билан батафсил танишиш учун Т.Старр Тошкент, Жиззах, Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Нукус шаҳарларида бўлди.

Учрашувда америкалик олимлар томонидан Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини очиб берувчи бир қатор ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш тўғрисида келишувга эришилди.