Бугун Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва муҳтор элчиси Амира Фаҳмий билан учрашди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати маълумот берди.
Мулоқот чоғида икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолатига эътибор қаратилиб, алоқаларни янада ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди.
Элчи юртимиздаги қурилиш ва бунёдкорлик ишлари, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги ютуқларни алоҳида эътироф этди.
Тошкентда Миср маданияти дурдоналари, асрий урф-одатларини акс эттирадиган кўргазмалар, маданий тадбирлар ташкил қилиш республикада туризм ривожига салмоқли ҳисса қўшиши таъкидланди. Шунингдек, Фаҳмий хоним икки давлат тиббиёт соҳасидаги малакали мутахассислар, соҳа етакчилари ўртасида тажриба алмашиш, Ўзбекистон ва Миср тарихи ва маданиятини ўрганишга қаратилган қўшма маданий-маърифий тадбирлар уюштириш бўйича таклиф киритди.
Ўз навбатида, пойтахт ҳокими ҳам Тошкент ва Қоҳира ўртасида алоқалар янада мустаҳкамланиши лозимлигини қайд этиб, пойтахтларда халқаро туристик кўргазма-ярмаркалар ташкил қилиш ташаббусини қўллаб қувватлади.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар.
ЎзА