Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Италия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги янги тайинланган элчиси Агостино Пинна билан учрашди.
Суҳбат давомида инвестициявий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама шерикликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда, шунингдек, инвестициявий ҳамкорлик соҳасида ишга солинмаган улкан салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Шу муносабат билан нефть-газ, энергетика ва кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, электротехника ва машинасозлик соҳалари ҳамда Италиянинг йирик компанияларини Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш бўйича ҳамкорлик бўйича алоқаларни фаоллаштиришга келишилди.
Италиялик дипломат Ўзбекистонга Европа Иттифоқи мамлакатларига 6 мингдан ортиқ товар маҳсулотларини божсиз экспорт қилиш имконини берадиган («GSP+») Преференциялар бош тизимининг бенефициар мамлакати мақомини олишда ҳамда ЕИ билан кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик шартномаси (КШҲБ) имзоланишида ёрдам кўрсатишни давом эттиришга тайёрлигини изҳор этди.
Шунингдек, мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши доирасида Ўзбекистонга ҳар томонлама кўмак беришга содиқлигини қайд этди.
Томонларнинг ҳудудлараро шерикликни ривожлантиришга бўлган қизиқиши алоҳида таъкидланди, тегишли таклифлар билдирди. Ўзбекистон Республикасининг Самарқанд вилояти билан Италия Республикасининг Ломбардия вилояти ўртасида ҳамкорлик битимини имзолаш бўйича кейинги ишлар белгилаб олинди.
Кун тартиби доирасида томонлар бир қатор режалаштирилган икки томонлама тадбирлар ҳақида, жумладан, 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида Тошкент шаҳрида савдо-иқтисодий ва саноат соҳасида ҳамкорлик қилиш масаласи бўйича Ўзбекистон – Италия Ҳукуматлараро ишчи гуруҳининг еттинчи йиғилишини ўтказиш тўғрисида бир қарорга келишди.
Тадбир якунида савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳалардаги қўшма лойиҳалар амалга оширилишини мунтазам муҳокама қилиб бориш бўйича келишувга эришилди.