Маълумотларга қараганда, бугунги кунда бутун дунёда 272 миллионга яқин одам миграция оқими иштирокчиси.
Бу оқимнинг асл сабаби – одамларнинг яхши яшашга бўлган интилиши, албатта. Интилиш – хайрли, бироқ, оқибатнинг барчаси ҳам хайрли эмас.
Миграция билан боғлиқ халқаро ташкилотлар тузилиши, мигрантлар ҳуқуқлари ҳимоясига оид ҳужжатлар қабул қилиниши шунинг натижаси.
Миграциянинг шафқатсиз оқимидан ўзбекистонликлар ҳам мустасно эмас. Норасмий маълумотларга қараганда, тахминан 5-6 миллион юртдошимиз турли давлатларга чиқиб кетган, турли соҳаларда меҳнат қилади.
Албатта, хорижий давлатларда муваффақиятли меҳнат қилаётган мутахассисларимиз кўпчиликни ташкил этади. Аммо, шу билан бирга, турли мамлакатларга бориб, ўзига муносиб иш топа олмай, одам савдоси қурбонига айланаётган юртдошларимиз ҳам кам эмас. Энг ёмони, фоҳишаликдек тубан ишларга мажбур этилаётган аёлларимиз бор.
Одамларимиз қулликка гирифтор бўлмаслиги учун нима қилиш керак? Хорижда юртдошларимиз ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилиниши керак?
“Оммавий ахборот воситалари учун одам савдоси, мажбурий меҳнат ва гендер тенглиги масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи форум”ни ташкил этишдан мақсад шу каби саволларга жавоб топиш, ушбу мавзуларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш орқали муаммоларнинг олдини олишдир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, БМТнинг Миграция бўйича халқаро ташкилоти (МХТ) ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда журналистлар, блогерлар билан бирга тадбир мавзусига алоқадор йўналишларда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳам иштирок этди.
Тошкент вилоятининг Паркент тумани Кумушкон қишлоғидаги “Edelweiss Notel & Resport” мажмуасида давом этаётган форумнинг биринчи кунида асосан миграция билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратилди.
Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси котибиятининг бош масалаҳатчиси Нодира Шотурсунова миграцияга оид муаммоларни оммавий ахборот воситаларида ёритишда ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Хорижий давлатларда одам савдосидан жабрланган фуқароларга ҳуқуқий кўмак бериш, уларни ортга қайтариш, келганидан сўнг реаблитация қилиш борасида кўп ишлар қилинмоқда. Ушбу йўналишда кўплаб ННТлар фаолият юритаётир. Лекин бу ҳақидаги маълумотларнинг барчаси ҳам журналистларга вақтида тақдим этилмаяпди.
Бугунги форум эса шундай муаммоларга барҳам бериш, миграция мавзусини янада кенг ёритиш орқали фуқароларнинг бу масаладан хабардорлигини оширишга, уларнинг бошқа давлатларга бориб қулликка тушиб қолмаслигининг олдини олиш бўйича амалий қадамларни кўпайтиришга қаратилган.
МХТнинг Ўзбекистондаги мувофиқлаштирувчиси Санжарбек Тошбоев миграция бўйича дунёдаги вазият, Ўзбекистондаги ҳолат бўйича маълумот тақдим этиш билан бирга шу йўналишда тайёрланган роликларни иштирокчилар эътиборига ҳавола этди.
Иштирокчилар кўтарилган мавзу бўйича фикрларини билдирар экан, тайёргарликсиз, яъни борадиган давлатининг тилини, одатларини билмай йўлга отланаётганлар охир-оқибат қулликка маҳкум бўлаётгани, айнан шу хавфдан аҳолини хабардор қилиш бўйича вақтида бонг уриш муҳимлиги бўйича мулоҳазалар билдирди.
Бироқ, одам ишсиз, тирикчилик манбаисиз қолса, ўйлаб ўтирмай, елкасига хуржунини ортиб, дуч келган мамлакатга чиқиб кетиши сир эмас. Шу боис ҳар бир оила, ҳар бир инсоннинг қандай турмуш кечираётганини маҳаллий масъуллар эътибордан қочирмаслиги керак.
Хорижий давлатларда юртдошларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконини кенгайтириш масаласи долзарблигича қолмоқда.
Кўтарилган мавзу ҳамда одам савдоси, гендер тенглик каби масалалар форумнинг кейинги иш кунларида янада чуқурроқ таҳлил этилади.
Тадбир 27 декабрга қадар давом этади.
Норгул Абдураимова, ЎзА