Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларнинг олий таълим муассасаларида тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган бир гуруҳ фарзандларига бир йиллик шартнома пуллари тўлаб берилганлиги ҳақидаги сертификатларни топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов йиғилганларни яқинлашиб келаётган янги йил байрами билан қутлаб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан талаба-ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга шарт-шароит яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.

Таъкидлаганидек, якунланаётган йил мамлакатимиз учун оғир келди. Бутун дунёни ларзага солган коронавирус пандамеяси бир қатор муаммоларни келтириб чиқарди. Шунга қарамасдан Президентимиз раҳбарлигида боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, «темир дафтар» рўйхатидаги оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида самарали ишлар амалга оширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг жорий йил 14 декабрдаги қарори билан 9 та олий таълим муассасасида тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган 253 нафар талабанинг 2020-2021 ўқув йилидаги 1 миллиард 546,2 миллион сўмлик шартнома пули тўлаб берилди. Талабаларга сертификатлар тантанали равишда топширилди.

Тадбирда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг талабаси Бахтигул Матчанова, ушбу институтнинг талабаси Наргиза Очилова, Қорақалпоғистон тиббиёт институти талабаси Шоҳруҳ Ражапов сўзга чиқиб, кўрсатилаётган ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирди.

– 2018 йилда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг туркий тиллар факультети талабаси бўлганимда биринчидан хурсанд бўлсам, иккинчидан шартнома пулини қалай тўлайман, деган ҳаяжон бўлди, – дейди Бахтигул Матчанова.

– Ота-онамдан эрта айрилиб, опамнинг тарбиясида вояга етдим. Бир йиллик шартнома пули давлат томонидан тўлаб берилишини эшитганимдаги хурсандчилигимни сўз билан таърифлаш қийин. Ҳозирги синовли кунларга қарамасдан бизларга кўрсатаётган ғамхўрлиги учун Президентимизга миннатдорлик билдирамиз.

Талаба-ёшларга шартнома пуллари тўлаб берилганлиги ҳақидаги сертификатларни топширишга бағишланган тадбир Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиалида, Ёшлар марказида, Тошкент давлат аграр университети Нукус филиалида ҳам бўлиб ўтди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА