Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида видеоконференция шаклида Навоий вилоятида қуёш электр станциясини қуриш лойиҳаси доирасида қиймати 100 миллион доллардан ортиқ кредит битимини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Келишувга кўра ББА компанияси Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан қарз олиб, мазкур лойиҳани амалга оширади.

Амирликлар компанияси қуёш электр станциясини қуриш ва қурилмадан фойдаланиш учун хорижий инвесторни танлаш бўйича Ўзбекистон тарихида биринчи марта ўтказилган ким ошди савдосида ғолиб чиққан эди. “Masdar” компанияси бир кВт/с учун 2.67 АҚШ центи миқдорида дунёда энг паст тарифлардан бирини таклиф қилди. 2019 йил ноябрда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан имзоланган инвестициявий битимга кўра, “Masdar” компанияси ўз зиммасига қуёш электр станциясини лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш ҳамда 25 йил давомида қурилмадан фойдаланиш мажбуриятини олган.

Станция 2021 йил августда ишга туширилади.

Лойиҳа Ўзбекистон Ҳукумати томонидан тасдиқланган мамлакат энергия балансини диверсификация қилиш, жумладан, 2030 йилга бориб Республикада қуёш энергетикаси иншоотлари умумий қувватини 5 ГВтга етказишга йўналтирилган дастурнинг бир қисмидир.

“Masdar” компанияси лойиҳага 100 миллион доллардан ортиқ миқдорда тўғридан-тўғри инвестиция киритади ва қурилиш босқичида 150та иш ўрни яратади. Қуёш электр станцияси фаолияти эса йилига 260 миллион кВт/с миқдорида электр энергияси ишлаб чиқарилишини таъминлайди.

Қайта тикланадиган энергия манбалари жорий этилиши электр энергияси ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган табиий газ ҳажми (йилига 175 миллион куб/метргача)ни, шунингдек, атмосферага чиқадиган зарарли карбонат ангидрид гази миқдорини сезиларли даражада (йилига 1,1 миллион тоннагача) камайтиришга ёрдам беради.

Абу-Даби ҳукуматига қарашли “Mubadala Investment Company” шўъба корхонаси ҳисобланган “Masdar” компанияси дунёнинг қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқарувчи етакчи корхоналаридан биридир. Компания томонидан амалга оширилган инвестициявий лойиҳалар портфели қайта тикланадиган манбалардан қуввати 4000 МВтдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқарадиган иншоотларни ўз ичига олади.