Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллабай тизимда йўлга қўйилган ислоҳотларнинг одамлар ҳаётидаги ифодасини кўриш, навбатдаги режаларни белгилаш, қишлоқ хўжалиги ва саноат корхоналари фаолияти билан танишиш мақсадида 12 декабрь куни Хоразм вилоятига келди.

Дастлаб давлат раҳбари Хонқа туманидаги инновацион иссиқхонани бориб кўрди.

«Red Star Oxus» масъулияти чекланган жамият томонидан 205 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига ташкил этилган мазкур иншоот шу йил февраль ойида ишга туширилган эди. Бу мазкур лойиҳанинг биринчи босқичи бўлиб, 7 гектар майдонда гидропоника усулида помидор, бодринг, бақлажон, булғор қалампири, кўкатлар етиштирилмоқда.

Иссиқхонада Нидерландиянинг «Kubo» компаниясида ишлаб чиқарилган «Ultra clima» ноу-хау технологияси келтириб ўрнатилган. Бунинг афзаллиги шундаки, иссиқлик вентилятор ёрдамида ультра иқлим зонасига тортилади ва пластик қувурлар орқали керакли жойга эҳтиёж даражасида юборилади. Яъни, ҳарорат бутун иссиқхонага эмас, балки етиштирилаётган сабзавотнинг илдизига йўналтирилади. Бу эса катта миқдорда энергияни тежашга ёрдам беради.

Таъкидлаш жоиз, бундай “бешинчи авлод” технологиясига эга иссиқхоналар дунёда 200 гектар атрофида. Шундан 7 гектари Ўзбекистонда.

Яна бир муҳим жиҳати – иссиқхона тепасига қуёш нурига ўхшаш хусусиятга эга махсус чироқлар ўрнатилган. Бу фотосинтез жараёнига сезиларли таъсир кўрсатиб, ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади.

Масалан, плёнкали иссиқхоналарда помидор кўчати 6 ой ҳосил берса, мазкур инновацион иссиқхонада бир йил мобайнида маҳсулот олиш мумкин.

Давлатимиз раҳбари айнан шу масалага алоҳида аҳамият қаратди.

– Бутун дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги долзарб масала бўлиб боряпти. Ташқи бозор қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мавсумий эмас, йил давомида етказиб беришни талаб қилади. Шуни таклиф қила олган корхона бозорда ўрин эгаллайди. Бу иш ўрни ва экспортни таъминлаш учун катта манба, – деди Шавкат Мирзиёев.

Иссиқхонада жараён тўлиқ автоматлаштирилган. Биринчи босқичда 75 киши доимий иш билан таъминланган.

Президентимизга истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, лойиҳанинг иккинчи босқичида 8 гектар майдонда яна битта иссиқхона қурилади. Уни келаси йил декабрда фойдаланишга топшириш ва яна 150 та иш ўрни яратиш мўлжалланган.

– Бу корхона – драйвер. Бундай иссиқхоналар кўпайиши учун бошқа тадбиркорларни ҳам ўргатиб, ҳар томонлама ёрдам бериш керак. Хоразм қишлоқ хўжалигининг келажаги шу, – деди давлатимиз раҳбари.

Ушбу мажмуани ўзига хос мактаб сифатида белгилаб, тадбиркорларни ўқитиш муҳимлиги таъкидланди.

– Озиқ-овқат маҳсулотларига биринчи талаб – сифат. Шунинг учун ҳар бир иссиқхонанинг лабораторияси, ўз бренди бўлиши керак, – деди Президент.

Шу ерда қишлоқ хўжалигида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Туманларни ихтисослаштириш, янги ерларни ўзлаштириш, ёмғирлатиб суғориш тизимини жорий қилиш бўйича топшириқлар берилди. Шоли экишда адолатни таъминлаб, аҳолига ер майдонлари ажратиб бериш, шу орқали одамларни иш билан таъминлаш ва камбағалликдан чиқариш бўйича вазифалар қўйилди.

Шунингдек, Хоразм вилоятида ёшларнинг ижтимоий кайфиятини ўрганиш бўйича мулоқот ва социологик тадқиқот натижалари ҳақида ҳам маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари ҳар бир ёшнинг интилиши ва қобилиятини инобатга олиб, режаларини амалга ошириш бўйича бир йиллик дастур ишлаб чиқишга кўрсатма берди.

Президент Шавкат Мирзиёев Янгиариқ туманидаги “Yantex Invest” корхонасида газлама ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди.

Бу корхона бўш ётган бинолардан самарали фойдаланиш, уларни хусусийлаштириб, тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган иқтисодий сиёсатнинг яққол мисоли. Мазкур иншоот кўп йиллар қаровсиз ётган эди.

2017 йили Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташрифи чоғида ушбу бинони салоҳиятли инвесторларга сотиш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш бўйича топшириқлар берганди.

Шундан сўнг “Асака” банк вилоят ҳокимлигидан бинонинг 100 фоизлик улушини сотиб олиб, уни икки ярим йил ичида тўлиқ қуриб битказди.

Корхонага хорижлик инвестор топиш мақсадида Россиянинг Иванова областида 25 йилдан буён текстиль корхоналари таъсисчиси бўлиб келаётган сармоядор билан музокара олиб борилди. Инвестор корхонага сармоя киритиб, бу ерда пахтани чуқур қайта ишлаш орқали газлама ишлаб чиқаришга киришди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 16,1 миллион доллар бўлиб, корхона сентябрь ойида ишга туширилди. Жами иш ўринлари 250 та. Швейцария, Бельгия, Германия каби давлатлардан келтирилган тўқув дастгоҳларида айни пайтда 60 нафар хотин-қиз банд. Яна 40 нафар ишчини шу ердаги ўқув марказида россиялик мутахассислар ўқитмоқда.

Корхона йилига 12 миллион погоно метр газлама мато ва 600 минг комплект чойшаб ишлаб чиқариш, 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш салоҳиятига эга.

Президент янги корхонадаги тўқув жараёнини кўздан кечирди.

Таъкидлаш жоиз, мамлакатимизда трикотаж ишлаб чиқаришга ҳали бу қадар чуқур ёндашилмаган. Тармоқда самарадорликни ошириш мақсадида 2016 йилда тўқимачилик саноатини ривожлантириш бўйича жадал ислоҳотлар бошланганди. “Yantex Invest” корхонаси бу ислоҳотларнинг мевасидир.

Хоразмнинг ўзида тайёр газлама чиқариш самарали эканини инобатга олиб, инвестор Қашқадарё вилоятидаги “Oqsaroy Group” компанияси билан биргаликда “Текстура” масъулияти чекланган жамиятини тузди. “Текстура” ва “Урганч бахмал” масъулияти чекланган жамиятлар “Yantex Invest” корхонаси таъсисчилари ҳисобланади.

Қайд этилганидек, кейинги тўрт йил давомида бизда трикотаж ишлаб чиқариш бўйича катта тажриба тўпланди. Аммо газлама тўқиш ва бўяш бўйича ҳали салоҳият етарли эмас.

Шу боис “Текстура” МЧЖ Урганч шаҳрида матога ранг берувчи корхона очиш, тўртта тумандаги кластерлар билан ип-газлама тўқишни йўлга қўйиш натижасида келаси йил охиригача вилоятда газлама ишлаб чиқаришни йилига 90 миллион погон метрга етказиш режалаштирилган.

Шу тариқа, иккинчи босқичда Хоразмда матони бўяш, уни қадоқлаш, Россия ва бошқа мамлакатларга экспорт қилишга эришилади.

Шу ерда Хоразм вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, маҳаллабай ишлаш бўйича янги тизимни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Президент ташаббуси билан вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида маҳалла институтининг ролини ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Авваллари вилоятларга ташриф чоғида ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ўсиш дастури “тепадан – пастга” тизими асосида шакллантирилар эди. Хоразмда илк бор жорий этилаётган янги тизимга кўра, туманлардаги иқтисодий комплекс ходимлари ҳар бир маҳаллага бириктирилиб, ўз соҳасига доир масалаларни ҳал қилиб боради.

Бу борадаги вазифаларни аниқлаш учун вазирлик ва тармоқлар, банклар вакилларидан иборат Республика ишчи гуруҳи вилоятдаги 519 маҳалланинг муаммоларини ўрганди. Маҳаллаларда яшовчи аҳолининг имкониятлари, уларнинг даромадини ошириш, қайси йўналишлар бўйича иш олиб бориш кераклигидан келиб чиқиб, ўсиш нуқталари белгиланди.

Республика ишчи гуруҳи томонидан шаҳар ва туманлардаги 54 сектор ҳам худди шундай таснифланди.

Хўш, маҳаллаларда ўсиш нуқталари қайсилар? Вилоят маҳаллаларида чорвачилик, паррандачилик, ҳунармандчилик ёки бошқа ишлаб чиқариш истаги билдирилган ўсиш нуқталари 11 тани ташкил этди. Энди маҳалла раислари хонадонларга йирик тадбиркорларни касаначилик тизимида ишлаш учун бириктириб беради. Шу орқали оилаларга даромад топиш учун кўмаклашилади.

Давлат раҳбарининг ҳар бир туманда саноатни ривожлантириш мақсадида қиймати 10 миллион доллардан зиёд 2 тадан йирик ҳамда 1 миллион доллардан ортиқ 10 тадан ўрта лойиҳани шакллантириш бўйича берган топшириғига мувофиқ 755 та лойиҳа ишлаб чиқилди. Умумий қиймати 13,3 триллион сўмлик ушбу лойиҳалар 2021 йилда амалга оширилиши натижасида 16 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилади.

Президентимиз ислоҳотларни энг қуйи бўғинга етказишда маҳалланинг вазифалари нимадан иборат эканини маҳалла раислари тугул туман ҳокимлари ҳам яхши тушунмаслигини танқид қилди.

– Маҳалла раисларини сайлаймиз, улардан кўп нарсани талаб қиламиз. Лекин бунинг учун маҳаллий раҳбарлар нима қиляпти, деган саволга аниқ жавоб йўқ. Энди давлат идоралари ходимларининг моддий манфаатдорлиги одамларнинг розилигидан келиб чиқиб белгиланадиган тизим қиламиз. Солиқ, молия, бандлик, инвестиция, тадбиркорлик ва бошқа масалаларга масъул раҳбарлар маҳаллаларда ишлайди. Маҳалла раислари ўз ҳудудидаги муаммолар бўйича уларга талаб қўяди. Ислоҳотларни энг қуйи тизимда бажаришнинг асоси шу. Буни одамлар ҳис қилиши лозим. Матбуот ходимлари буни аҳолига етказиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мутасаддиларга ушбу тизимни ҳаётга татбиқ этиш, Давлат бошқаруви академияси томонидан маҳалла раисларини шу бўйича ўқитиш юзасидан топшириқлар берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Урганч шаҳридаги технопаркка ташриф буюрди. Ҳудудлардаги «ўсиш нуқталари»ни ишга солиш, тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида барча шаҳар ва туманларда кичик саноат зоналари, технопарклар ташкил этилмоқда.

Жорий йил май ойида қурилиши якунланган “Урганч” технопарки жами 6 та блокдан иборат. Қисқа вақтда бу ерда иккита корхона фаолият бошлади. Улар кийим-кечак ишлаб чиқарувчи «Oq oltin mega tekstil» ҳамда металлдан турли маҳсулотлар тайёрлайдиган «Great Khorezm” ширкатларидир.

Бу ерда зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари мавжуд. Технопарк вилоятда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришда тадбиркорлар учун муҳим имкониятлар яратади.

«Oq oltin mega tekstil» масъулияти чекланган жамияти технопаркда амалга оширилган биринчи лойиҳа. Корхонага Германия, Италия, Туркия каби давлатлардан тикувчилик дастгоҳлари келтириб ўрнатилган. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган болалар ва катталар кийимлари, жинси шим каби 100 дан ортиқ турдаги тўқимачилик маҳсулотларининг 75 фоизи экспортга йўналтирилади. Бугунги кунда «Oq oltin mega tekstil» масъулияти чекланган жамиятида Урганч ва Хива шаҳарлари, Янгиариқ, Хонқа ва Урганч туманларида яшовчи 400 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари корхона фаолияти билан танишди, бу ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни кўздан кечирди, мутахассис ва тикувчилар билан суҳбатлашди.

– Сизларни кўрганимдан, мана шундай ҳунар эгаллаб, ўзларингга ёққан фабрикада ишлаётганларингдан хурсандман. Одамларни, айниқса, аёллар ва ёшларни иш билан таъминлаш бўйича катта ҳаракатлар қиляпмиз. Бугун-эрта Хоразмда юриб, маблағлар бериб, режалар тузишдан мақсад ҳам шу, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз уйда ўтирган аёлларни касаначилик асосида ҳам ишга жалб этиш муҳимлигини таъкидлади. Саноат объектларининг қолган қисмидан ҳам самарали фойдаланиш, тадбиркорларга зарур шарт-шароит яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Ҳозирги кунда қолган блокларга ҳам ускуналар олиб келинмоқда. Технопарк тўлиқ ишга тушгач, йилига қарийб 87 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши, 5,8 миллион долларлик экспорт қилиниши мўлжалланган.

Шу ерда Хива шаҳри ва Гурлан тумани мисолида инфратузилмани яхшилаб, туризм ва тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш лойиҳалари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари Урганч шаҳридаги “UzXCMG” қўшма корхонасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.

Хитой билан ҳамкорликда фаолият юритаётган мазкур қўшма корхонада 13 турдаги экскаваторлар, 10 турдаги қурилиш ва автомобиль йўлларини таъмирловчи техника воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Корхонанинг қуввати ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш бўйича маҳаллийлаштириш даражасини ошириш мақсадида эскаваторлар учун эҳтиёт қисмлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 8 миллион доллар бўлиб, йилига 400 дан ортиқ махсус техника ишлаб чиқаришга эришилади.

Корхонада айни пайт 52 киши иш билан таъминланган. 2021 йилда қўшимча тармоқлар ишга тушиши натижасида яна 30 иш ўрни яратилади.

Қўшма корхонани 3 босқичда ривожлантириш кўзда тутилган бўлиб, экскаваторларни йирик бўғинли ва саноат усулида йиғиш йўлга қўйилади.

Корхонада шу кунгача 50 дан ортиқ турдаги 1 минг 700 дона махсус техника, жумладан, занжирли ва ғилдиракли экскаваторлар, бульдозерлар, асфальт зичловчи катоклар, юк ортгичлар, автогрейдер, йўл фрезаси ишлаб чиқарилди. Барча техникалар халқаро стандартларга жавоб беради.

Қўшма корхона фаолиятини такомиллаштириш мақсадида жорий йил Хитойнинг XCMG корпорацияси томонидан қиймати 4,3 миллион долларлик йиғув линияси ва ускуналар олиб келинди. Мақсад экскаватор қисмларини пайвандлаш орқали маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш.

Энергия тежамкор технологиялар маҳсулот таннархини пасайтириш ва рақобатбардошлигини ошириш, импортни камайтириш имконини беради. Мазкур саъй-ҳаракатлар туфайли корхонада ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси 2021 йилда 51 фоизга етказилади.

Президент қўшма корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди. Мутахассислар билан ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги тармоқларни ташкил этиш ва бунинг учун ҳамкор вазирликлар билан биргаликда замонавий техникаларни ишга тушириш борасидаги лойиҳалар ҳақида суҳбатлашди, зарур топшириқлар берилди.

– Бу заводнинг имкониятлари жуда катта, – деди Шавкат Мирзиёев. – Лекин уларни ишлата олмаяпмиз. Шунинг учун бу ерда яна нималар чиқариш мумкинлигини ва келгуси йилларда чет элдан қандай техникалар сотиб олишга эҳтиёж борлигини чуқур таҳлил қилиб, уларни шу ерга буюртма бериш, имконсизларини кооперация асосида тайёрлаш зарур. Бу завод ривожланиб, Хоразм индустриясига асос бўлиши керак.

Шу ерда ҳудуддаги турли ишлаб чиқарувчи корхоналар маҳсулотлари тақдимоти ўтказилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига сафари давом этмоқда.

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Абдулазиз МУСАЕВ,

Аҳмаджон ШОКИРОВ,

ЎзА мухбирлари