Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади

Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Байрам тадбирида ўқитувчи ва мураббийлар, олимлар, парламент ва ҳукумат вакиллари иштирок этди. Шунингдек, ҳудудлардаги соҳа фидойилари маросимни Қорақалпоғистон ва вилоятлардаги студиялардан кузатиб борди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, устозларни ушбу айём билан қутлади.
Таъкидлаш жоизки, ушбу байрам илк бор давлат раҳбари иштирокида ўтди. Бу – таълим ва тарбия масаласи алоҳида устувор йўналиш даражасига кўтарилганининг яққол далили.
– Биз ҳар биримиз ҳаётда қандай муваффақият ва натижаларга эришган бўлсак, бу ютуқларда сизларнинг беқиёс ҳиссангиз борлигини доимо миннатдорлик билан эътироф этамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ўқитувчилик шарафли, айни пайтда ўта масъулиятли ва мураккаб касб. Юртимизда мазкур касб эгаларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлар педагоглардан ўз ишига янада садоқат ва фидойилик билан ёндашишни, кенг ва замонавий тафаккур соҳиби бўлишни талаб этмоқда. Мактабгача таълим ҳамда олий ва ўрта махсус таълим соҳасида амалга оширилган ишларни ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз.
Ҳақиқатан ҳам, инсон тарбиясида, камолотида устозларнинг хизматлари улуғ. Бу йилги пандемия билан боғлиқ қийин шароитда ҳам жонкуяр ўқитувчилар ўз ишини давом эттирмоқда. Аксарият мактабларда янги ўқув йили бошланди. “Онлайн мактаб” лойиҳаси ва масофавий таълим йўлга қўйилди. Таъбир жоиз бўлса, бугун ўқитувчилар иккита фронтда кураш олиб бормоқда.
Президент тарихга назар солиб, IX-XII асрларда юртимиз ҳудудида биринчи, XV асрда иккинчи Ренессанс порлаганини таъкидлади.
– Кўпчилик зиёлилар қаторида мен ҳам бир фикрни ҳамиша катта армон билан ўйлайман: мамлакатимизда учинчи Ренессансни ХХ асрда маърифатпарвар жадид боболаримиз амалга оширишлари мумкин эди. Улар “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас”, деган ҳадиси шарифни ҳаётий эътиқод деб билдилар, – дея таъкидлади Президент.
Ўқитувчи ва мураббийлар байрами муносабати билан имзоланган фармонга мувофиқ, халқимизнинг озодлиги ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида фидокорлик кўрсатиб, миллий таълим ва тарбия тизимини яратишга беқиёс ҳисса қўшган маърифатпарварлар Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхонов “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.
Шунингдек, Президентимизнинг тегишли фармонига мувофиқ, мамлакатимизда таълим тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, соҳага доир ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, ўқув-тарбия жараёнига илғор хорижий тажрибалар, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, ўқувчиларга илм-фан асослари ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришдаги катта хизматлари, юқори малакали кадрларни тайёрлаш, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли фаолияти ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ устоз ва мураббийлар фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад қилиб белгиланганини таъкидлади.
– Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак, – деди Президент. – Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим. Авваламбор, миллий таълим тизимини ана шундай руҳ билан суғоришимиз керак.
Қайд этиш лозимки, бу галги байрам тадбири ўзига хос тарихий мулоқот шаклида ўтди, дейиш мумкин.
Тантанали тадбирда сўзга чиққан устоз ва мураббийлар таълимдаги муаммоларга ечим топиш, соҳани янада ривожлантиришга оид амалий таклифларини билдирдилар.
Президентимиз ҳар бир раҳбар ўз ҳудудидаги, айниқса, қишлоқлардаги мактаблар ҳолатидан доимий хабардор бўлиши, у ердаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиши лозимлигини таъкидлади.
– Биз кўзи ёниб турган истеъдодли ёшларга шароит яратмасак, ҳеч қачон мақсадга эриша олмаймиз. Агар олинган билим пухта бўлсагина диплом ўз кучини кўрсатади. Бунинг учун ёшларга мактабда сифатли таълим бериш лозим. Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади, – деди давлатимиз раҳбари.

 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА