Йўрға тувалоқлар кўпаймоқда

Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот тумани саҳроларига йўрға тувалоқлар қўйиб юборилди.
Жорий йилнинг 28 май-1 июнь кунлари Қизил китобга киритилган йўрға тувалоқлар ёввойи табиатга қўйиб юборилди. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда “Falcon Hunting Solutions” компанияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Қизил китоби ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро Уюшмаси Қизил китобига киритилган ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ноёб қуш – йўрға тувалоқлар Қўнғирот туманида табиатга қўйиб юборилди.
Табиат қўйнига 2040 бош қуш учирма қилинган бўлиб, улар Бирлашган Араб Амирликларига қарашли бўлган “International fund for houbara conservation” марказида кўпайтирилган.
Эслатиб ўтамиз, йўрға тувалоқлар 2009 йилда Ўзбекистон Қизил китобига ноёб тур сифатида киритилган. Улар Қизилқум чўлларида яшайди. Уларнинг сони ва яшаш майдони 1960 йиллардан бошлаб қисқаришни бошлаган.

 

Е.Қаноатов, ЎзА