Прокуратура органлари томонидан ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиш ва эгаллаб олишнинг олдини олиш бўйича назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Жумладан, Нукус тумани ҳокимнинг қарори билан “D.limon” масъулияти чекланган жамиятига иссиқхона қуриш ва лимон маҳсулотлари етиштириш учун жами 22,4 гектар ер майдони ажратилган.
Бироқ, жамият мансабдор шахслари томонидан ажратилган ер майдонида ноқонуний равишда турар-жой иморатлари қурилиб, фуқароларга алдаб сотиб юборилганлиги аниқланган.
Ўз навбатда туман ер ресурслари ва давлат кадастри ва қурилиш бўлими мансабдор шахслари ажратилган экин ер майдонларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилмаганликлари оқибатида давлат манфаатларига жиддий зиён етказилишига сабаб бўлган.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан 2020 11 февралда Нукус тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 168 ва 208-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА