Ёшлар ижод саройида пойтахтимизда ўтказилаётган “PROlogue-2018“ халқаро кинофестивали доирасида режиссёр Қамара Камолованинг ҳаёти ва ижодига бағишланган “Кино – её работа” номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи кўмагида ёш киночилар томонидан тайёрланиб, нашр этилган китоб киноижодкорларнинг катта авлодига бўлган ҳурматнинг ўзига хос ифодасидир.
Қамара Камолова Давлат мукофотлари совриндори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли ўзбек кинорежиссёридир. Китобда унинг кинодаги ижодий фаолияти, дўстларининг хотиралари, олган кинофильмлари ва шахсий мулоҳазалари ўрин олган. Китоб кино санъатига қизиқадиган ва уни севадиган ҳар бир инсон учун қизиқ ва керакли қўлланма бўла олади.
Шу куни Ёшлар ижод саройида Қ.Камолованинг “Йўл бўлсин” номли фильмининг намойиши ҳам бўлиб ўтди.
Халқаро фестиваль доирасида ўзбек киночиларининг “Scorpion“ фильмига бағишланган матбуот анжумани, қисқа ва тўлиқ метражли бадиий фильмлар танлови ўтказилди.