Мактаб-интернатлари фаолиятига бағишланган семинарда нималар муҳокама қилинди?

Хоразм вилояти Урганч шаҳрида ҳудудлардаги ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларида амалга оширилган ишлар, 2020-2024 йиллар бўйича устувор вазифаларни белгилаб олиш ҳамда манзилли стратегияларни ишлаб чиқиш юзасидан республика амалий семинари ташкил қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 августдаги “Ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган семинарда Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Ш. Мўминджанов, вазирликнинг фан, спорт ва таълим муассасаларини илмий-методик таъминлаш бошқармаси бошлиғи А.Ҳасанов, вилоятдаги соҳага алоқадор идора ва муассасалар масъул ходимлари иштирок этишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Семинар давомида ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари ҳамда вазирлик тизимидаги таълим муассасаларида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар билан бир қаторда ижро интизоми, ҳуқуқий-норматив ҳужжатларнинг юритилиши бўйича йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилиниб, уларни бартараф қилиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Семинар иштирокчилари Урганч ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати спорт объектлари, моддий-техник базаси, ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан ҳам танишди.

 

Икром Аввалбоев, ЎзА