Бу ҳақда “vesti.ru“ хабар беради.
Воронежлик 89 ёшли Мария Дронова — концлагер асираси бўлган, Россиянинг хизмат кўрсатган таълим ходими, кўп йиллар давомида ўқувчиларга математика фанидан сабоқ берган.
Унинг ўғли Андрей Дронов сўнгги йилларда Санкт-Петербургга яшаб келмоқда. Андрей Воронежга келганда онасининг ўнг товонида қорасон бошланганини кўради ва тезликда жарроҳлик амалиётини ўтказишга кўндиради. Чунки тез ривожланаётган касаллик ўлимга олиб бориши мумкин эди.
Жарроҳлик амалиёти Воронеж касалхоналарининг бирида 4 ноябрда ўтказилади. Аммо, натижа кутилгандек бўлиб чиқмади.
Андрей Дронов палатага кирганида онасининг қорасонга чалинган товони қолиб, соғлом оёғининг сонгача бўлган қисми кесиб ташланганини кўради. Шундан сўнг у шифокорлар хато қилган, деб жанжал кўтаради. Аммо, тиббиёт ходимлари Андрейга аслида аёлнинг иккала оёғида ҳам касаллик аломатлари бўлгани, шунинг учун ампутация чап оёқдан бошланган, деб изоҳ беради.
Бироқ Дроновнинг иддаосича, поликлиника йўлланмасида айнан ўнг оёқни олиб ташлаш тавсия қилинган бўлган. Иккинчи оёқ эса соғлом эди.
Ҳозирда Андрей Дронов шифокорлар устидан ҳуқуқ-тартибот органларига шикоят қилган. Маҳаллий ОАВ ҳам ушбу ҳодиса юзасидан текширув ўтказишни сўраб Воронеж соғлиқни сақлаш департаментига мурожаат йўллаган.
Малоҳат Ҳусанова,ЎзА