Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ташаббуси билан яна бир Нобель мукофоти лауреати АҚШнинг Шимолий Каролина университети профессори, кимё бўйича 2015 йилги Нобель мукофоти совриндори Азиз Санжарнинг юртимизга ташрифи ташкил этилди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида вазир Ином Мажидов кимё бўйича Нобель мукофоти лауреати, Шимолий Каролина университети профессори жаноб Азиз Санжар билан учрашди.
Олимнинг юртимизга ташрифи Ўзбекистон ёшларининг илмий тадқиқот ишларига қизиқишини орттириш, уларнинг ўз олдига аниқ мақсадлар қўйиб, танлаган соҳасида ижобий ютуқларга эришишида муҳим аҳамият касб этади.
Ўз навбатида жаноб Азиз Санжар Ўзбекистонда ўзини Она-Ватанидагидек ҳис қилаётганини, ўзига берилган Нобель мукофоти бутун туркий халқлар мукофоти деб ҳисоблашини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, таниқли олим ўзбек алломаларининг жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини эътироф этар экан, илм-фан тараққиёти фундаментал тадқиқотлар билан узвий боғлиқлигини қайд этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуоти хабарига кўра, Нобель мукофоти лауреати 15-22 октябрь кунлари юртимизда бўлади ва “Азиз Санжар: сарҳадсиз билим ичра кечган ҳаёт” мавзусида халқаро илмий анжуман, кимё йўналишида таҳсил олувчи бакалавр ва магистрлар учун онлайн маъруза ҳамда Ўзбекистон миллий университетида молекуляр биология лабораториясининг очилиш маросими режалаштирилган.
Маълумот учун: Азиз Санжар асли туркиялик бўлиб, 1971 йилдан буён АҚШда фаолият юритади. АҚШнинг Йель, Техас ва Шимолий Каролина каби нуфузли университетларида илмий тадқиқот фаолияти билан шуғулланган. У 2015 йили Томас Линдал ва Пол Модричлар билан биргаликда ДНКни тиклаш механизмларини тадқиқ этгани учун кимё бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган эди.
ЎзА