Москва ва Бутун Рус Патриархи Кирилл бошчилигидаги Рус православ черковининг Москва Патриархати делегацияси 30 сентябрь куни Самарқандда бўлиб, муқаддас қадамжо ва тарихий обидалар билан танишди.
Меҳмонлар дастлаб Хўжа Дониёр мақбарасини зиёрат қилди.
Ушбу табаррук мажмуани бир неча дин вакиллари зиёрат қилади. Самарқандга ташриф буюрадиган хорижлик меҳмонлар, нуфузли делегациялар бу ерда бўлишни ўзлари учун шараф, деб билади.
Афросиёб тепалигининг шимоли-шарқий қисмида жойлашган Хўжа Дониёр зиёратгоҳи мустақиллик йилларида ҳар томонлама обод этилиб, уни асраб-авайлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилди. Мажмуа атрофидаги турли бино ва иншоотлар бошқа жойга кўчирилиб, зиёратгоҳ майдони кенгайтирилди. Ҳудуддан оқиб ўтадиган Сиёб ариғи тартибга келтирилди, атрофи кўкаламзорлаштирилиб, манзарали дарахтлар экилди, гулзорлар ташкил этилди. Зиёратчилар учун қулайликлар яратилди.
Москва Патриархати делегацияси қадамжонинг яратилиш тарихи ва кейинги йилларда бу ерда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиб, ибодат амалларини адо этди. Мамлакатимизда виждон эркинлиги таъминлангани, барча дин вакилларининг ўз диний қадриятларини давом эттириши учун кенг имкониятлар яратилгани таъкидланди.
Шундан сўнг меҳмонлар Ҳазрати Хизр мажмуасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Буюк Юртбошимиз қабрига гул қўйиб, ҳурмат бажо келтирди.
Мажмуада амалга оширилган улкан бунёдкорлик-ободонлаштириш ишлари, маҳобатли мақбара, миллий услубдаги айвон ва бошқа иншоотлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Ушбу кўркам обида халқимизнинг буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов хотирасига бўлган юксак ҳурмат-эҳтиромининг ифодаси экани таъкидланди.
Москва ва Бутун Рус Патриархи Кирилл бошчилигидаги делегация аъзолари, шунингдек, Амир Темур мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Регистон мажмуаси ва бошқа тарихий обидаларни ҳам томоша қилди. Буюк аждодларимиздан мерос қадимий иншоотларни асраб-авайлаш ва уларни келгуси авлодларга етказиш борасидаги ишларга юксак баҳо берди.
Самарқанд шаҳридаги Алексей соборида Москва ва Бутун Рус Патриархи Кирилл иштирокида тантанали маросим ўтказилди. Унда россиялик меҳмонлар ҳамда христиан динига эътиқод қилувчи юртдошларимиз иштирок этди.
Вилоят мусиқали драма театрида Рус православ черкови хор жамоасининг концерт дастури намойиш этилди.