Ўзбекистоннинг Осиё инфратузилма инвестициялари банки билан ҳамкорлиги кенгаймоқда

69

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) президенти  Цзоу Цзяи билан илк расмий  учрашувини ўтказди.

Вазирлик раҳбари ушбу кўп томонлама молиявий институт раҳбарини лавозимга киришгани билан билан қутлаб, унинг президент сифатидаги илк  ташрифи айнан Марказий Осиёга амалга оширилгани рамзий маъно касб этишини таъкидлади.

Музокаралар давомида Ўзбекистон мазкур Банкнинг минтақадаги энг йирик  ҳамкори бўлиб қолаётганига алоҳида урғу берилди.

Банк томонидан Марказий Осиёда амалга оширилаётган барча операцияларнинг 51 фоизи мамлакатимиз ҳиссасига тўғри келади. Операциялар ҳажми бўйича Ўзбекистон глобал рейтингда Банкка аъзо мамлакатлар орасида олтинчи ўринни эгаллайди.

Қўшма  лойиҳалар портфели  7 миллиард доллардан ошди. 2024 йилда  Самарқандда Осиё инфратузилма  инвестициялари  банки Бошқарувчилар кенгашининг тўққизинчи йиғилиши бўлиб ўтгани ҳам стратегик ҳамкорликни ривожлантиришда  муҳим босқич бўлди.

Томонлар 2030 йилгача бўлган ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларини  муҳокама қилди. Суверен бўлмаган молиялаштириш ҳажмини кенгайтириш, давлат-хусусий шерикчилигини қўллаб-қувватлаш, яшил энергетикани ривожлантириш ҳамда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш масалалари шулар жумласидан.

Учрашув якунида Лазиз Қудратов Осиё инфратузилма инвестициялари банки президентини шу йилнинг 16–19 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент  халқаро инвестиция форумига таклиф этди.

                                        Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА