Адабиёт турли даврларда жамият ривожланиши таъсирида доимий ўзгариш ва янгиланишда бўлган. Шу боис вақт ўтгани сари унинг моҳият ва мазмуни доим кенгайиб, шаклланишда давом этади. Буни француз адабиёти мисолида ҳам кўриш мумкин. Зеро, кўплаб адабий жанрлар, услуб ва янгиликлар илк бор француз адабиётида пайдо бўлган.
Унинг тарихига назар солсак, дастлаб француз тилида диний мавзуларда бир-биридан таъсирли адабий асарлар яратилганига гувоҳ бўламиз. X-XI асрлардан бошлаб француз адабиёти тарихида нодир эпик афсоналар пайдо бўла бошлади. Буни ўша кезларда одамларнинг ўз қаҳрамонлари ҳақида достонлар эшитишни хуш кўриши билан изоҳлаш мумкин. Бунга “Роланд ҳақида қўшиқ” эпоси мисолдир.
XV асрдан кейин Француз жамиятида юз берган ижобий ўзгаришлар адабиётга ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Насрда нафис асарлар яратилган бўлса, назмда ҳам басма-бас гўзал шеърлар битилди. Шеърларда гуманизм ғоялари, ватанпарварлик, садоқат ва вафо туйғулари васф этила бошланди.
XVIII аср ўрталарида Францияда адабиёт янада юқори пардаларда ўзини намоён эта бошлади. Буюк Француз инқилоби даврида ёзувчилар билан бир қаторда публицистлар ҳам жамият азоларини ўз ғоялари атрофида бирлашишга ундади. Бунда Бомаршенинг “Фигаронинг уйланиши” пьесаси, Лиллнинг “Марселеза қўшиғи” асарлари, Маратнинг “Иблиснинг ҳамёни”, Робеспьернинг “Тун оғушида уйғонолмаётган оломон” мақолалари алоҳида ўрин тутади. Поте “Париж коммунаси”, Эмиль Золя “Ор” достонларида, Мопассан новеллаларида жамиятдаги биқиқ ҳаёт, ноҳақликлар танқид остига олинади. Бу даврга келиб бутун Европа маънавий ҳаёти ва маданиятига кескин таъсир қилган Бальзак, Шаплен, Декарт каби етук адиблар етишиб чиқди.
Француз маърифат олами XIX асрда бадиий тарзда янги кўринишда намоён бўлди. XX аср бошларида Анри Барбюс ташаббуси билан “Кларте” Халқаро ёзувчилар ташкилоти тузилган эди. Унинг аъзолари доим ҳақиқатни ёзишга, ҳеч қачон мақтов ва ёлғон битмасликка аҳд қилади. Шу тариқа Франция ижтимоий ҳаётида, дунё воқелигида рўй бераётган ўзгаришлар унинг аъзолари қаламида юксак инсонпарварлик ва ахлоқий нуқтаи назардан акс этди.
Француз адабиётининг ёрқин вакиллари сифатида Бальзак, Шаплен, Декарт, Молер, Воклен, Депорт, Мариво, Руссо, Казот, Беранже, Барбюс, Ален, Дюма, Стендаль, Камю, Сартр, Мишель Турнье, Монтескье, Шарль Перро, Вольтер сингари мингга яқин ижодкорни санаш мумкин. Улардан кўпчилигининг асарлари ўзбек китобхонига яхши таниш.
Бугун Франция Ёзувчилар ташкилоти билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бу каби асарларни тўлиқ ва қайта таржима қилиш борасида ҳамкорликни йўлга қўйган. Бу ўзига хос бой тарих ва анъаналарга эга бўлган икки халқ, икки миллат маънавий хазинасини бойитиш имконини беради.