Жамиятимизда аудио контентнинг аҳамияти

112

Бугунги технология ривожланган замонда китобга бўлган муносабат ҳам турлича. Ижтимоий тармоқларнинг асосий қуроли бўлган қисқа видеороликлар кишиларда шошқалоқлик, жиззакилик каби зарарли иллатларнинг шаклланишига олиб келаётгани ачинарли ҳол, албатта.

Шу билан бирга, мунтазам равишда телефондан фойдаланадиганларнинг кўриш имкониятлари кескин ёмонлашаётгани ҳам бор гап.

Ана шундай ҳолларда китобхонлар китоб ўқиш учун турли қулайликларга эҳтиёж сезишлари табиий. Буни ҳисобга олган ҳолда аудио китоблар сони ошиб бормоқда. Нафақат ўзбек, балки жаҳон адабиётининг энг дурдона асарлари ҳам овозлаштирилаётгани қувонарли ҳол. Энг муҳими, замонавий адабий жараёндан ҳам узилиш бўлмаяпти. Китобхонлар оммаси томонидан илиқ кутиб олинган асарлар тезда овозлаштирилмоқда.

Бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоиз. Кўриш имконияти чекланган китобхонлар, талабалар учун ҳам илмий-бадиий адабиётларнинг аудио формати яратилмоқда. Бунинг учун турли лойиҳалар ишлаб чиқилиб, кўплаб давлат ташкилотлари хусусан, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги томонидан молиялаштирилмоқда.

Кўриниб турибдики, жамиятимизда аудио контент яратишга бўлган талаб етарлича. Шуни ҳисобга олган ҳолда ўзига хос рақобат ҳам юзага келмоқда. Эндиликда тингловчилар бир китобни бир қанча овозда тинглаш имконига эга бўлмоқда. Бунинг учун бир қанча моҳир сухандонлар жалб қилиниб, сифат ҳам ошиб бормоқда.

Шербек Исломов, ЎзА