Ўзаро ҳамкорликнинг янги истиқболлари

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев таклифига биноан 5-6 сентябрь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоевнинг Ала-Арча қароргоҳида 5 сентябрь куни бўлиб ўтган учрашувида мамлакатларимиз ўртасида барча соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш, истиқболда амалга ошириладиган ҳамкорликка оид масалалар муҳокама қилинди.

Мулоқотда «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўли магистрали лойиҳаси қисқа муддатларда амалга оширилишидан томонлар манфаатдор экани таъкидланди. Бу минтақада ички товар айланмасининг ўсиши ва Марказий Осиёнинг «Шарқ – Ғарб» йўналиши бўйича манфаатли транзит бўғини сифатидаги жозибадорлигини ошириши қайд этилди.

Минтақа ва давлатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни сезиларли даражада кенгайтиришга имкон берадиган ҳамда уларнинг иқтисодий тараққиётига қўшимча суръат бағишлайдиган «Ўзбекистон – Қирғизистон –Хитой» янги автомобиль йўлагини шакллантириш муҳимлиги эътироф этилди.

2017 йилнинг ўтган даврида икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 60 фоиз ўсиб, 150 миллион долларни ташкил қилди. Музокараларда бу кўрсаткични яқин йилларда 500 миллион долларга етказиш имконияти мавжудлиги қайд этилди.

Ташриф якунлари бўйича Президентлар Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида Қўшма баёнот ва Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегараси тўғрисида шартномани имзоладилар.

Азалдан ёнма-ён, ҳамжиҳат яшаб келаётган ўзбек ва қирғиз халқларининг орзу-ниятларини рўёбга чиқариш, уларнинг яқин қариндошлик асосидаги ўзаро алоқаларини янада ривожлантириш йўлида зарур бўладиган барча шарт-шароитни яратиш учун бор имконият ва салоҳиятимизни ишга соламиз, деди давлатимиз раҳбари.

Андижон ва Ўш шаҳарлари ўртасида имзоланган савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўзининг долзарблиги билан тарихий аҳамиятга эга бўлди.

Икки давлат Савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим соҳа вакилларининг ўзаро тажриба алмашиши учун муҳим қадам бўлди. Ташриф доирасида бир гуруҳ тадбиркор юртдошларимиз Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган бизнес-форумда қатнашди. Улар Қирғизистонда бизнес вакилларига яратилган шароитлар билан танишиш жараёнида ўзларига ишончли ҳамкорлар ҳам топди.

Икки давлат тадбиркорлари ҳеч қандай тўсиқларсиз доимий мулоқот қилишлари керак. Уларнинг самарали ҳамкорлик қилиши учун барча имкониятларни яратиб берамиз. Бу борада қўйилган қадамлар, албатта, ўз натижаларини беради, деди Шавкат Мирзиёев.

Ўз навбатида, Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон Президентининг давлат ташрифи икки давлат дўстлик муносабатларида янги истиқболлар очган тарихий воқеа бўлиб, кўплаб долзарб масалаларни ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этгани, қардош халқларимиз муносабатида янги давр, янги босқични бошлаб берганини алоҳида таъкидлади.

Парламентлараро ҳамкорлик тўғрисида имзоланган меморандум ташрифнинг иккинчи кунида амалий ҳаракатлар билан мустаҳкамланди.

Давлатимиз раҳбари ўзи учун ажратилган қароргоҳда Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенешининг раиси Чинибай Турсунбековни қабул қилди.

Кўп асрлар давомида шаклланган дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини юксак қадрлаймиз. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишонч асосига қурилган ҳамкорликни ривожлантириш ташқи сиёсатимизнинг муҳим йўналишларидан биридир, деди Шавкат Мирзиёев.

Бугунги кунда Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари барча соҳаларда янги босқичга кўтарилмоқда. Президентимиз ташрифи давомида имзоланган Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегаралари тўғрисидаги шартнома ана шу ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир. Эндиликда икки давлат парламентлари олдида бу тарихий ҳужжатни ратификация қилиш ва ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш вазифаси турибди.

Парламентлараро дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қошида алоҳида парламент гуруҳи тузилди.

Давлатимиз раҳбари Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши раисини Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар билан танишиш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш учун Ўзбекистонга таклиф этди.

Бундан ташқари, имзоланган муҳим ҳужжатлар икки давлатнинг савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда азалий дўстлик ва ҳамжиҳатлик асосига қурилган алоқаларининг мантиқий давоми бўлди.

Шундан сўнг Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси Бош вазири Сапар Исаковни қабул қилди ва уни ушбу масъулиятли лавозимга тайинлангани билан табриклади.

Бу масъулиятли лавозимда Сизга омад тилаб, давлатларимиз ўртасида эришилган келишувлар ижросини амалиётга самарали татбиқ этишда бор куч-ғайратингизни аямайсиз, деб ишонамиз, деди Президентимиз.

Сапар Исаков Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи давлатларимизнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлигида янги босқични бошлаб берганини алоҳида таъкидлади.

Учрашувда давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувлар, имзоланган ҳужжатлар икки халқ ўртасидаги азалий дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Учрашув доирасида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон Республикасининг чегараолди вилоятлари ҳокимлари ва Қирғизистон Республикаси ҳукуматининг чегараолди вилоятларидаги ваколатли вакиллари Кенгашини ташкил этиш тўғрисида англашув меморандуми имзоланди.

Ташриф якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоевга самимий қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, уни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.

Давлатимиз раҳбарининг Қирғизистон Республикасига давлат ташрифи ниҳоясига етди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни «Манас» халқаро аэропортида Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев кузатиб қўйди.

Тошкент – Бишкек – Тошкент

 

Абу Бакир Ўрозов, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА