Покистон Бош вазири Ўзбекистон ва Озарбайжонга келади

Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф февраль ойи охирида Озарбайжон ва Ўзбекистонга ташриф буюриши мумкин. Бу ҳақда Покистоннинг инглиз тилидаги “The News International” газетаси ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Бокуга ташриф чоғида давлатлар иқтисодий ҳамкорлигига доир бир неча битим тузилиши кутиляпти. Тошкентга икки кунлик сафар давомида ҳам ўзаро манфаатли савдо шартномалари имзоланиши режалаштирилган.

Трамп Путин билан учрашувга тайёргарлик кўряпти

АҚШ сайланган Президенти Дональд Трамп пайшанба куни Флоридада журналистлар билан суҳбат чоғида Россия Федерацияси етакчиси Владимир Путин билан бевосита мулоқотга ҳозирланаётганини маълум қилди:

– Тайёргарлик кўряпмиз. Президент Путин учрашув ўтказишни хоҳлайди, у буни очиқчасига ҳам айтди. Биз урушни тугатишимиз керак.

Нетаньяху Трамп инаугурациясига бормайди

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху 20 январь куни бўлиб ўтадиган Дональд Трампнинг инаугурация маросимида иштирок этмайди, дея хабар тарқатди “Times of Israel” ҳукумат раҳбари ёрдамчисига таяниб.

– Нетаньяху аввалги қароридан воз кечди: Трампнинг инаугурациясини ўтказиб юборади, – деб ёзган газета. Режа нима сабабдан ўзгарганига эса аниқлик киритилмаган.

Жозеф Аун – Ливаннинг янги президенти

Ливан парламенти кўпчилик овоз билан армия қўмондони Жозеф Аунни президент этиб сайлади. 86 тадан кўпр овоз талаб қилинган бир пайтда уни 128 парламентарийдан 99 нафари қўллади.

Иттифоқчилар Украинага яна 30 мингта янги дрон жўнатмоқчи

Иттифоқчилар Киевни масофадан бошқариладиган учар қурилмалар билан таъминлаш бўйича халқаро коалиция фаолияти доирасида Украинага 30 мингта янги дрон жўнатади, дейилган Буюк Британия Мудофаа вазирлиги сайтида эълон қилинган баёнотда.

Бу галги кўмак Бирлашган Қиролликдан ташқари Латвия, Дания, Швеция ва Нидерландия томонидан молиялаштирилади.

Иқтисодчи Гренландиянинг АҚШ учун аҳамиятига изоҳ берди

Ноёб металлга бой Гренландия заминида тахминан 40 миллион тонна захира, жумладан 300 минг тоннага яқин уран бор. Бу моддалар АҚШни миллий саноат учун хом ашё мустақиллигини таъминлаш нуқтаи назаридан жуда қизиқтирмоқда. Мустақил эксперт Леонид Хазанов “РИА Новости”га шундай фаразни билдирди.

2024 йил декабрь ойи охирида бўлажак Президент Дональд Трамп АҚШ Гренландияга эгалик қилиши “мутлақ зарурат” деган эди. Ўз навбатида Данияга тегишли улкан орол Бош вазири Муте Эгеде ҳудуд ҳеч қачон сотилмаслигини айтди.

Уругвайнинг собиқ раҳбари ватандошлари билан видолашди

Айни пайт саратон касаллигидан азият чекаётган, бир вақтлар Уругвайни бошқарган таниқли сиёсатчи Хосе Мухика “Busqueda” жарналига берган интервьюсида даволанишни давом эттиришдан бош тортди:

– Саноқли кунларим қолди. Қизилўнгач саратони энди жигарга ўтди. Бу жараённи тўхтатиб бўлмайди, чунки қаридим. Икки хил сурункали касаллигим бор. Энди танам жарроҳликка ҳам, кимё терапиясига ҳам дош бера олмайди.
89 ёшли собиқ етакчининг баёноти бир зумда Лотин Америкасидаги асосий янгиликлардан бирига айланди. Мухика дунё сиёсатчилари орасидаги энг қашшоқ президент сифатида машҳур. Уни нафақат тарафдорлари, балки мухолифлари ҳам ҳурмат қилишади. У доим қишлоқдаги уйида яшаб, маошининг ўндан бирига қаноат қилиб, қолганини хайрия ишларига сарфлаган.

Ллойд Остин: АҚШ НАТОнинг ишончли ҳамкори бўлиб қолади

Америка маъмурияти ўзгаришига қарамай, Қўшма Штатлар келажакда ҳам НАТОнинг ишончли ҳамкори бўлиб қолади, деди Пентагон раҳбари Ллойд Остин.

– АҚШ ҳар доим ишончли ҳамкор бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади, – деди у матбуот анжуманида журналистларга. – Масъуллар алмашинуви ва муайян ёндашувлардаги тафовутга қарамай, биз иттифоқчилар, ҳамкорларга содиқ қоламиз.

С.Раҳимов,

ЎзА