Бирлашган Араб Амирликлари ахборот агентлиги “WAM” хабар беришича, Фужайра Савдо-саноат палатаси Директорлар кенгаши раиси Шайх Саид бин Сурур Ал-Шарқий ва мамлакатимизнинг БААдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдулазиз Аққулов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида сармоя ва савдо миссиялари алмашинувини кўпайтириш орқали Фужайра Амирлиги ҳамда Ўзбекистон ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро имкониятларни ўрганиш мақсадида қўшма тадбирлар, форумлар ўтказиш масаласи муҳокама қилинди.

Товар айирбошлашни кенгайтириш, ўзаро алоқа механизмини ишлаб чиқиш йўллари кўриб чиқилди.

Шайх Саид бин Сурур Ал-Шарқий иқтисодий муносабатлар мустаҳкамлиги, ўзаро савдо кўрсаткичи сўнгги йилларда сезиларли ўсганини юқори баҳолади.

Шунингдек, Ўзбекистон БААнинг Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкори экани, Фужайра палатаси эса икки мамлакат ўртасидаги савдо ва сармоя алоқаларини мустаҳкамлаш, ишбилармон доираларга қўшимча имконият яратишдан манфаатдорлиги таъкидланди.

Ўз навбатида, элчимиз Фужайра билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга, табиий ресурслардан фойдаланишга асосланган саноат соҳаларида истиқболли имкониятлар яратишга ва мамлакатимизда тақдим этилган муҳим тармоқлар нефтни сақлаш, логистика хизматлари ва туризмга сармоя киритишга интилишини таъкидлади.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА