Қонунчилик тизимидаги муаммоларни бартараф этиш ва ҳудудлар манфаатларини ифода этувчи қонунларни қабул қилиш Сенатнинг асосий вазифаларидан бирига айланди.

2020-2024 йилларда 59 ялпи мажлис ўтказилиб, 438 қонун муҳокамадан ўтказилди. 20 та қонундаги айрим нормаларнинг инсон ҳуқуқлари ва ҳудудлар манфаатларига тўлиқ жавоб бермагани сабабли Сенат томонидан рад этилди.

2015-2019 йилларда эса 25 ялпи мажлис ўтказилган ва уларда 226 қонун муҳокама қилинган.

Янги таҳрирдаги Конституцияга кўра, Сенат қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида киритиши қонун ижодкорлиги жараёнида муҳим янгиликлардан бири бўлди. Бу Сенат фаолиятини аҳолининг қонуний талабларини инобатга олган ҳолда янада самарали ташкил этиш имконини берди.

Маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорликда 50 дан ортиқ қонунларга тўлиқ асосланган таклифлар ишлаб чиқилди ва ҳукуматга тақдим этилди.

Сенат ўз фаолиятини очиқлик ва ошкоралик тамойилларига асосланган ҳолда ташкил қилди. Ялпи мажлислар Интернет орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди. Қўмиталарнинг тадбирлари оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди. Бу аҳолининг қонун ижодкорлиги фаолияти ва муҳокама қилинаётган турли масалалардан хабардор бўлиш, бу борада кенгроқ тушунчага эга бўлишига имкон яратди.

Умуман олганда, Сенат фаолияти қонун ижодкорлигини мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва халқаро стандартлар талабларига мос равишда такомиллаштириш, халқимиз манфаатларини таъминлашга қаратилган.

Н.Абдураимова, ЎзА