Cербияда шахмат бўйича клублар ўртасида ўтказилаётган Европа кубогининг ортда қолган 4-турида кутилмаганда Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров жамоаси мағлубиятга учради.

Кеча ўтган 4-турда Нодирбек Абдусатторов “Турк авиалинияси” жамоаси  аъзоси эронлик Парҳам Мақсудлуни таслим этган, Синдоров рақиби Эдиз Гурел билан дуранг ўйнаган бўлса-да, «SuperChess» ғалабага эриша олмади.

Ҳамюртларимизнинг жамоадошлари бўлган ҳиндистонлик Гукеш ва Праггнанандха имкониятни бой бериб қўйди.

Баҳслар сарҳисобига кўра, Македониянинг «Alkaloid» жамоаси етакчига айланди. “Турк авиалинияси” жамоаси 2-ўринга кўтарилиб олди.

Мазкур мусобақада Словениянинг «TAJFUN-ŠK Ljubljana» жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган яна бир ёш гроссмейстеримиз Нодирбек Ёқуббоев кеча «Alkaloid» билан бўлган ўйинда дунёнинг саккизинчи рақамли шахматчиси хитойлик Вей Йини мағлубиятга учратди.

5-тур остонасида «SuperChess» ва «TAJFUN-ŠK Ljubljana» жамоалари 6 очко тўплаган ҳолда турнир жадвалининг 7 ва 8-ўринларини банд этган.

Бугун ўтадиган 5-турда «SuperChess» жамоаси Сербиянинг «SK JAVES Modra» жамоаси билан, «TAJFUN-ŠK Ljubljana» клуби эса Черногориянинг «Elektroprivreda» жамоаси билан куч синашади.

Эслатиб ўтамиз, 27 октябрга қадар давом этадиган Европа кубоги баҳсларида 84 та эркаклар жамоаси дона сурмоқда.

Т.Рўзиев,

ЎзА