Бугун, 20 сентябрь куни мамлакатимизнинг уч шаҳрида ўтаётган футзал бўйича жаҳон чемпионатининг 3-тур учрашувларига старт берилади. Мазкур тур бошланишидан аввал гуруҳлардаги вазиятлар ҳақида маълумот бериб ўтмоқчимиз.

Бугун чемпионатнинг “А” гуруҳида Ўзбекистон ва Коста-Рика, Недерландия ва Парагвай ўртасида баҳслар бўлиб ўтади. Ҳар иккала ўйин ҳам маҳаллий вақт билан соат 20:00 да бошланади.

Мазкур гуруҳда Парагвай 6 очко жамғарган ҳолда кейинги босқич масаласини муддатидан аввал ҳал қилган бўлса, икки очко билан иккинчи ўринда бораётган Недерландия Бухоро шаҳридаги “Универсал” спорт мажмуасида ўтадиган 3-тур баҳсида Парагвайни мағлуб этса, чорак финал босқичига чиқади. Бироқ ушбу ўйин дуранг билан якунланса, пойтахтимиздаги “Ҳумо арена”да ўтказиладиган Ўзбекистон – Коста-Рика учрашувида ғалаба қозонган жамоа 1/4 финалга йўл олади. Агар Ўзбекистон ва Коста-Рика беллашуви ҳам дуранг билан якунланса, ушбу терма жамоалар 2 очко билан энг яхши учинчи ўрин эгаси бўлишдан умид қилади.

Шунингдек, агар Парагвай сўнгги ўйинда Недерландияни 4 та тўп фарқи билан мағлуб этса, Ўзбекистон – Коста-Рика учрашувида қайд этилган ҳар қандай дуранг натижаси терма жамоамизни кейинги босқичга олиб чиқиши мумкин.

Умид қиламизки, Ўзбекистон терма жамоаси бугун голларга бой ўйин ўтказиб, ғалаба қозонади ва қандайдир математик ҳисобларга жавоб қолдирмайди.

Шунингдек, 20 сентябрь куни “B” гуруҳида ҳам сўнгги тур учрашувлари бўлиб ўтади. Унда Таиланд – Бразилия терма жамоалари Бухородаги “Универсал” спорт мажмуасида куч синашса, Куба – Хорватия термалари баҳсига Тошкентдаги “Ҳумо арена” мезбонлик қилади. Ўйинлар маҳаллий вақт билан 17:30 да бошланади.

Дарвоқе, бу гуруҳда Бразилия ва Таиланд 6 очко тўплаб, кейинги босқичга йўл олган. Фақатгина жамоалар нечанчи ўриндан жой олиши учун бугун ўзаро рақобатлашади. Куба ва Хорватия термалари эса икки мағлубиятдан сўнг 0 очко билан кетмоқда.

Эртага, 21 сентябрь куни эса “C” ва “D” гуруҳларида учинчи тур баҳслари ўтказилади.

“C” гуруҳида иккинчи турдан сўнг Аргентина 6 очко билан биринчи поғонани эгаллаб турибди. Афғонистон ва Украина эса 3 очко билан 2-3 ўриндан жой олган. Ангола эса очкосиз ҳолда сўнгги ўринга жойлашган.

21 сентябрь куни “Ҳумо арена”да Ангола – Аргентина, Андижондаги “Универсал” спорт мажмуасида Украина – Афғонистон терма жамоалари ўзаро рақобатлашади. Ушбу учрашувлар мамлакатимиз вақти билан соат 20:00 да бошланади.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Украина – Афғонистон терма жамоалари баҳсида ҳар қандай дуранг натижаси Афғонистонни кейинги босқичга олиб чиқади. Шу сабабли, Украина бор эътиборини ғалабага қаратишига шубҳа йўқ. Лекин катта эҳтимол билан бу гуруҳда учинчи ўринда қолган терма жамоа ҳам чорак финалга чиқиш имкониятига эга бўлади.

“D” гуруҳида иккинчи тур учрашувларидан сўнг Испания ва Қозоғистон 4 очко жамғариб, иккинчи ҳамда учинчи поғоналарни эгаллаган бўлса, Ливия термаси бир ғалаба ва бир мағлубият эвазига учинчи ўринда бормоқда. Гуруҳ аутсайдери бўлган Янги Зеландия эса ҳамон очкосиз қолмоқда.

Эртага, 21 сентябрь куни ўтказиладиган 3-турда Испания Ливия термаси билан, Янги Зеландия эса Қозоғистон термаси билан баҳс ўтказади.

Куни кеча якунига етган “E” гуруҳидаги иккинчи тур ўйинларидан сўнг Марокаш ва Португалия бир хил 6 очко жамғарди ва чорак финалга йўл олди. Тожикистон ва Панама учун бу сафарги мусобақа деярли якунланди. Бироқ, Тожикистон энг яхши учинчи ўрин соҳибига айланиш имкониятига эга.

Бу гуруҳдаги сўнгги тур 22 сентябрь куни соат 17:30 да Тошкент ва Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтади. Унда Марокаш – Португалия пешқадамлик учун ўйнаса, Тожикистон ва Панама термалари эса 3 очко учун ўйнайди.

Ва ниҳоят, “F” гуруҳига ҳам етиб келдик. Кутилганидек, ушбу гуруҳда икки фаворит жамоа – Эрон ва Франция иккинчи турда ҳам ғалаба қозонди ва 6 очко билан 1/4 финалга йўлланмани қўлга киритди. Венесуэла ва Гватемала эса 0 очко билан 3-4 поғоналардан жой олди.

Энди 22 сентябрь куни Бухородаги “Универсал” спорт саройида Франция – Эрон, Тошкентдаги “Ҳумо арена”да Венесуэла – Гватемала 3-тур ўйинларини ўтказади.

Маълумот ўрнида: 3-турдан сўнг биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар чорак финалга йўл олади. Шунингдек, энг яхши натижа қайд этган 4 терма жамоа ҳам 1/4 финалга чиқади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА