28 август куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенати мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик олтинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Дастлаб Олий Мажлис Сенатининг эллик олтинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонун билан «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор» фахрий унвони бизнеснинг янги, юқори даромадли йўналишларини йўлга қўйган, соҳага инновацияларни кенг жорий қилиш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, экспорт салоҳиятини ошириш, хорижий ва маҳаллий инвестицияларни фаол жалб қилиш, янги иш ўринларини яратиш орқали мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган, шунингдек, ўз фаолияти давомида давлат органлари билан ўзаро ҳамкорликни амалга ошириб, ижтимоий лойиҳалардаги фаоллиги билан бошқаларга намуна бўлаётган, бизнес юритишда катта тажрибага эга, илғор ва ташаббускор тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари ва таъсисчиларига берилиши назарда тутилган.
Қонунга кўра “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвонини таъсис этилиши муносабати билан “Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларини таъсис этиш тўғрисида”ги ва “Давлат мукофотлари тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Таъкидланганидек, қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда иқтисодиётни ўсишини, тадбиркорликнинг янада ривожланишини, янги иш ўринлари яратишни таъминлашда барчага намуна бўлаётган, турли соҳаларда юқори натижаларга эришиб келаётган тадбиркорлар фаолиятини рағбатлантириш имконини беради.
Муҳокамадан сўнг қонун маъқулланди.
Шундан сўнг сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ерни ва ер ости бойликларини асраб қолишга ҳамда муҳофаза қилишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонунни муҳокама қилди.
Қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда ерни ва ер ости бойликларини асраш ҳамда муҳофаза қилиш, шунингдек, ер участкаларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Республикамизда 2676 та фойдали қазилма кони мавжуд бўлиб, улардан рухсатнома асосида тадбиркорлик субъектлари томонидан 2 мингдан зиёд фойдали қазилма қазиб олинмоқда.
Айниқса, қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш ривожланяпти. Президентимизнинг 2018 йил ноябрдаги тегишли қарори билан тадбиркорликнинг бир тури сифатида мазкур фаолиятнинг ҳам ҳуқуқий асослари яратилди. 2019–2023 йиллар мобайнида қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолияти учун 300 дан зиёд рухсатнома расмийлаштирилиб, тадбиркорлик фаолиятининг қонунийлиги таъминланган.
Аммо кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳамон кузатиляпти. Ўтган бир йилда қимматбаҳо металларни ноқонуний йўл орқали қазиб олиш билан боғлиқ 100 дан зиёд ҳолат аниқланган.
Жиззах, Самарқанд, Навоий ва Тошкент вилоятларида жами 79 нафар жисмоний шахсга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. Соҳада ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ортиб бориши мазкур қилмишларни содир этганлик учун жавобгарликни кучайтиришни тақозо этмоқда.
Шунинг учун ҳам Жиноят кодексида фойдали қазилмаларни қонунга хилоф равишда қазиб олиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такрор содир этганлик учун, шунингдек, фойдали қазилмаларни олтин изловчилар усулида рухсатномасиз қазиб олганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутадиган нормалар мустаҳкамланмоқда.
Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш, шунингдек, ер бериш тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан маъмурий баённома тузиш юзасидан ички ишлар органларига зарур ваколатлар берилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонун ерни ва ер ости бойликларини асраб қолиш ҳамда муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини, шунингдек, мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг самарали профилактикасини таъминлашга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, Сенатнинг 56-ялпи мажлисида муҳокама марказида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун бўлди.
Қонун билан суд ишларини юритишда тарафларнинг тортишуви принципини янада аниқлаштиришга қаратилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, давлат манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида судлар томонидан фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни кўришда прокурорнинг иштирокига, шунингдек, ишларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан шикоят қилишга тааллуқли процессуал нормалар ҳам ойдинлаштирилмоқда.
Қонун билан прокурор давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ва иқтисодий судлардаги ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки, давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Шунингдек, прокурор фуқаролик ишлари бўйича судларга давлат манфаатларини ҳимоя қилишга алоқадор масалалар юзасидан ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, прокурорнинг иштирок этиши назарда тутилган фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича прокурор суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида белгиланган тартибда хабардор этилмаган бўлса, прокурор ушбу ишларни суддан талаб қилиб олиб ўрганиши ҳамда улар бўйича протест келтириши мумкинлиги назарда тутилмоқда.
Сенаторлар таъкидлашича, қонуннинг қабул қилиниши прокуратура органларининг одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги фаолияти самарадорлигини янада оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ҳамда давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга, шунингдек, судларда ишларни муҳокама қилишда қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Бундан ташқари, Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коммунал тўловларни суд орқали ундиришда қулайликлар яратишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Қонун билан Фуқаролик процессуал кодекси ва “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Унга кўра кўп квартирали уйларни бошқариш органлари ўзлари томонидан аҳолига кўрсатилган хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъволар, аризалар ва шикоятлар билан фуқаролик ишлари бўйича ва иқтисодий судларга мурожаат қилишда давлат божини тўлашдан озод қилинади.
Шунингдек, аҳолининг ортиқча оворагарчилигининг олдини олиш ва одил судловни таъминлаш мақсадида Фуқаролик процессуал кодексига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича ва иқтисодий судларга кўп квартирали уйнинг жойлари мулкдорларидан мажбурий бадаллар ва тўловларни ундириш бўйича суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишда аризага илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар рўйхати қатъий белгилаб қўйилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб судга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатларини янада кучайтиришга, шунингдек, одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Муҳокамадан сўнг қонун маъқулланди.
Сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.
Мазкур қонун ҳар бир фуқаронинг тенг сайлов ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш, “оилавий” овоз бериш ҳолатларининг олдини олиш ва сайлов кампанияларида молиявий операцияларнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилганлиги қайд этилди.
Қонун орқали Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига сайлов жараёни билан боғлиқ бўлган айрим тузатишлар киритилмоқда.
Хусусан, сайлов (овоз бериш) бюллетенларини бериш тартибини бузганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, қонун сайловда иштирок этиш учун ажратилган давлат маблағлари юзасидан молиявий ҳисоботларни тақдим этиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилашни назарда тутади. Унга кўра, сайловда иштирок этиш учун ажратилган давлат маблағлари тўғрисидаги оралиқ ёки якуний ҳисоботни cиёсий партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик ёхуд ҳисоботда била туриб нотўғри маълумотларни тақдим этиш, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Сенаторлар томонидан ушбу қонун ҳар бир фуқаронинг тенг сайлов ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлашга, сайлов кампанияси вақтида фойдаланилган Давлат бюджети маблағлари тўғрисида тезкор ва ишончли ахборот тақдим этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга, сиёсий партияларнинг Давлат бюджети маблағларидан фойдаланиш бўйича молиявий ҳисобдорлик масъулиятини кучайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Амалдаги қонун ҳужжатларини янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган ушбу қонун янгиланган Конституцияда мустаҳкамланган тамойилларни амалга оширишга қаратилган бир қатор муҳим тузатишларни ўз ичига олганлиги қайд этилди.
Хусусан, 26 та қонун ҳужжатларининг, шу жумладан, 6 та кодекс ва 20 та қонун нормалари янгиланган Конституциянинг 19-моддасида белгиланган “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар” деган қоидага мувофиқлаштирилмоқда.
Шунингдек, мазкур қонун орқали “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунга оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги ва мустақиллиги ҳамда қонунга мувофиқ иш олиб бориши ҳақидаги норма билан тўлдирилмоқда.
Яна муҳим ўзгаришлардан бири Меҳнат кодекси ва “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунга қариндошининг судланганлигига қараб ишга қабул қилишни рад этиш каби камситишларнинг олдини олиш билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенаторлар томонидан ушбу қонун фуқаролар ҳимоясининг ҳуқуқий кафолатларини янада мустаҳкамлашга, уларнинг ҳуқуқларини амалга оширишда, шу жумладан, ишга қабул қилишда тенг имкониятларни таъминлашга, шунингдек, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги кафолатларини кучайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Ялпи мажлисда жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 7 та масала, шу жумладан, 6 та қонун муҳокама қилинди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик олтинчи ялпи мажлиси якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати