Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида тадбиркорларга давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Унда Жўқорғи Кенгес Раиси Аманбай Оринбаев иштирок этиб, сўнгги йилларда юртимизда Президентимизнинг эътибори ва ғамхўрлиги билан тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратилиб берилаётганлиги, айниқса, Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган фармон ва қарорлар бу борада катта имкониятлар эшигини очиб берганлигини таъкидлади. Шунингдек, барчани 20 август – “Тадбиркорлар куни” билан муборакбод этиб, республикани ижтимоий-иқтисодий ҳаётида тадбиркорларнинг тутган ўрнига тўхталди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг “Тадбиркорлар куни муносабати билан соҳа вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони асосида Қорақалпоғистон Республикасидан 2 нафар тадбиркор тақдирланди. Шунингдек, “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида”ги фармойишига асосан 6 нафар тадбиркор ушбу кўкрак нишонига лойиқ деб топилди.

Тадбирда тадбиркорларга давлат мукофотлари, “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди. Ўз навбатида тақдирланганлар номидан сўзга чиққанлар кўрсатилаётган алоҳида эътибор ҳамда ғамхўрлик учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.

– 2011 йилда барпо этилган корхонада асосан қорамол терилари қайта ишланади, – дейди Нукус шаҳридаги “Orient Technology” масъулияти чекланган жамият директори, “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳиби Ажинияз Уразбаев. – Бунинг учун зарур асбоб-ускуналар Италиядан олиб келинган. Жами 50 нафарга яқин киши иш билан таъминланган. Тайёр маҳсулотлар Россия, Италия, Ҳиндистон, Қозоғистон ва бошқа  давлатларга экспорт қилинмоқда. Байрам арафасида “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланганим жамоа меҳнатига берилган эътироф деб ҳисоблайман. Бунинг учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдираман.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат, видео) ЎзА.