Жорий йилнинг 26 июль куни Марказий сайлов комиссияси томонидан Янги Ўзбекистонда муҳим сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловлар тарғиботига старт берилди.

Шу муносабат билан 1 августдан сайлов кампаниясининг энг муҳим тадбири – сайловчилар имзосини тўплаш жараёни бошланди.

“Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам барча сиёсий партиялар қатори ушбу сайловда муносиб иштирок этади. Партия халқ манфати, юрт равнақи учун хизмат қилувч ғоя ва мақсадларини келажакда амалга ошириш учун имзо йиғиш жараёнларига киришди.

“Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилояти кенгаши ҳудудий партия ташкилотлари томонидан ҳам айни жараёнга масъулият билан ёндашилиб, корхона, ташкилот ва муассасаларда сайловнинг дастлабки босқичи – имзо тўплаш тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Бунда асосан фаол аъзолар, бошланғич партия ташкилотлари вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, “Аёллар” ва “Ёшлар” қанотлари ҳамда партиянинг ғоя ва мақсадларига хайрихоҳ бўлган вилоятдошларнинг фаол иштироки кузатилмоқда.

Хусусан, вилоятнинг олис ҳудудларидан бири бўлган Жондор туманининг Касб-ҳунарга ўқитиш маркази ҳамда туман ёшлар боғида, шунингдек, Бухоро давлат педагогика институти биносида ташкил этилган имзо йиғиш жараёнида 300 га яқин партия аъзоси, маҳалла вакиллари ва ёшлар “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этишини қўллаб-қувватлаб имзо чекди.

– Шу юртнинг бир фуқароси сифатида мен миллий қадриятлар, айниқса, тил, тарбия масалаларини кўтараётган “Миллий тикланиш” партиясини ёқлаб имзо чекдим, –дейди жондорлик тадбир иштирокчиси Рашида Ниёзова. –Имкониятдан фойдаланиб, бошқаларни ҳам “Миллий тикланиш”ни ёқлаб, имзо чекишга чақираман.

–“Миллий тикланиш”нинг бўлажак сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватлаб, имзо қўйдим ва ишонаманки, бу тўғри танлов бўлди, -дейди тадбирда иштирок этган Муҳаммаджон Исломов. –Бу фикрни жуда кўпчилик билдиряпти.

Сайловчилар имзосини тўплаш жараёнлари қизғин давом этмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири