Эртага, 3 февраль куни Қатарда ўтаётган Осиё кубогининг чорак финал босқичида Қатар ва Ўзбекистон терма жамоалари рўбарў келади.
Мазкур ўйин ўзбекистонлик футбол ишқибозлари қатори қатарлик мухлислар ва кенг жамоатчиликнинг диққат эътиборидаги баҳслардан бири саналади. Қатарнинг марказий ахборот агентлиги «QNA» Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийси Сречко Катанец билан уюштирган суҳбатни ва мамлакатимиз футболчилари ҳақидаги таҳлилий мақолани эълон қилди.
Мулоқот давомида терма жамоамиз бош мураббийси Қатар –Ўзбекистон қарама-қаршилиги иккала жамоа учун ҳам ҳал қилувчи учрашув бўлишини таъкидлаган.
Шунингдек, амалдаги Осиё чемпиони бўлган Қатар терма жамоасининг ҳозиргача бирорта ҳам ўйинда мағлуб бўлмагани, гуруҳ босқичида ҳар икки жамоанинг деярли бир хил натижа қайд этганини таъкидлаган.
Бош мураббий Ўзбекистоннинг чорак финалда Таиланд устидан қозонилган ғалабаси терма жамоанинг ҳар қандай курашга тайёрлигини ифода этишини, жамоа қитъа кубогининг кейинги босқичига чиқишга астойдил ҳаракат қилишини, бу йўлда изланишлар ва техник-тактик чоралар кўрилаётганини билдирди.
Ўйин мобайнида мухлисларнинг катта қисми мезбонларни қўллаб-қувватлашини айтган Катанец, бу борада Ўзбекистон футболчиларининг халқаро тажрибаси юқорилигини, жамоа фанатлар босимига дош бера олишини тегишли омиллар асосида келтириб ўтган.
Т.Рўзиев, ЎзА