Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 декабрь куни БААга амалий ташриф доирасида Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух билан учрашди.

Ўзбекистон билан Мўғулистон ўртасидаги анъанавий дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўтган йил сентябрь ойида Самарқандда ўтган учрашув келишувларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзаро савдодаги ижобий суръат мамнуният билан қайд этилди. Чорвачилик, озиқ-овқат, чарм, аграр, тўқимачилик ва бошқа тармоқларда ҳамкорлик учун кенг имкониятлар мавжуд.

Автомобиль ва ҳаво коммуникациялари, туризм, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш каби соҳаларда шартнома-ҳуқуқий асосларни такомиллаштиришдан манфаатдорлик билдирилди.

Келгуси йилда қўшма Ҳукуматлараро қўмита ва Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишларини ўтказишга келишилди.

Ушбу учрашув якунлари бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг “йўл харитаси”ни қабул қилишга аҳдлашиб олинди.