Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар иқтисодиёти, муҳим ижтимоий дастурлар ижроси билан танишиш мақсадида 16 ноябрь куни Сурхондарё вилоятига келди.

Дастлаб буюк олим Ҳаким ат-Термизий мақбараси зиёрат қилинди. Қуръон тиловат этилиб, юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик тиланди. Уламолар билан суҳбатда бугунги таҳликали замонда содир бўлаётган турли низо ва урушлар туфайли бегуноҳ инсонлар қони тўкилаётгани қайд этилди. Бу юртимиздаги тинчлик-осойишталик қадрини янада теран англатиб, инсонда шукроналик руҳини уйғотади. Бундай улуғ неъматлар аҳамиятини, Термизий каби боболаримиз илм-маърифатини ёшларга етказиш муҳимлиги таъкидланди. Шу масалалар бўйича Термизда илмий конференция ўтказиш таклифи илгари сурилди.

Вилоят иқтисодиёти сўнгги йилларда замонавий саноатни йўлга қўйиш, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва текстиль соҳасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш орқали янада юксалмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг бевосита ғояси асосида жанубдаги воҳа салоҳиятидан келиб чиқиб, ҳудудларнинг “ўсиш нуқталари” белгилаб олингани одамларнинг турмуш даражасини ошириб, тинч, тўкин ҳаётидан рози бўлиб яшашига хизмат қилаётир. Президентимизнинг жорий йил 13 март куни вилоятга ташрифи чоғида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан белгилаб берган вазифалари ижроси ҳам юрт ободлиги ва Сурхон аҳлининг фаровон ҳаётини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, йилнинг ўтган 9 ойида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 29,4 триллион сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 105,2 фоизга етди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 5,9 триллион сўмни, халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш ҳажми 1,7 триллион сўмни, пудрат ишлари 5,2 триллион, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 24,2 триллион, хизматлар ҳажми 11 триллион сўмни ташкил этди. Аҳоли жон бошига ҳисоблаганда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 10,4 миллион сўмга етказилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 102,7 фоизга ўсиш таъминланди. 161,8 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Ишлаб чиқарилаётган рақобатбардош маҳсулотлар Хитой, Россия, Покистон, Туркия, Афғонистон, Қозоғистон каби дунёнинг 27 давлатига экспорт қилинмоқда. Дастурлар асосида 1,3 миллиард долларлик 1 минг 36 лойиҳа амалга оширилмоқда.

Вилоят иқтисодиётида юз бераётган бундай оламшумул ўзгаришлар одамларнинг бандлик масаласини ҳал этиш, барча замонавий қулайликларга эга уй-жойлар қуриш, йўллар, таълим, тиббиёт ва бошқа ижтимоий соҳа объектларини тубдан реконструкция қилиш, янгиларини барпо этиш сингари ишлар кўламини кенгайтирди. Масалан, ўтган йилнинг 9 ойида 203 минг 300 иш ўрни ташкил этилган бўлса, жорий йилнинг шу даврида 353 минг 300 та иш ўрни яратилди.

Яқин йилларда ҳам аграр ҳудуд бўлган вилоят иқтисодиёти юксалиб, даромад манбаи ошаётгани камбағаллик даражасини 13,8 фоиздан 11,2 фоизга камайтирди.

Президент Шавкат Мирзиёев ташриф доирасида Бойсун туманида бўлиб, халқимиз фаровонлигига хизмат қиладиган йирик лойиҳалардан бири  – “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ-кимё мажмуаси қурилиши билан танишди.

Бу ерда газ кони бир неча ўн йиллар олдин топилган. Бироқ географияси мураккаблиги, ўша пайтда замонавий технология ва маблағ бўлмагани учун кон ўзлаштирилмаган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев қатъияти билан бу борада амалий қадамлар ташланди. Давлатимиз раҳбари 2019 йил апрель ойида бу ерда бўлиб, дастлабки қидирув ва техник-иқтисодий асослар билан танишган эди. Ўша йилнинг декабрь ойида заводни қуриш ишлари бошланди. “Surhan Gas Chemical Operating Company” хорижий корхонаси томонидан амалга оширилаётган ушбу лойиҳанинг қиймати 2,9 миллиард доллар. Мажмуа йилига 5 миллиард метр куб газни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш қувватига эга бўлади. Ҳозиргача конни ўзлаштиришга 1 миллиард 450 миллион долларлик инвестиция киритилиб, 20 та қудуқда бурғилаш ишлари якунланган. 11 та газ қудуғи синовдан муваффақиятли ўтган. Пойдевор ишлари ва металл конструкциялар қуриш деярли якунига етган.

Завод лойиҳалари ва қурилиши “Shell” компаниясининг лицензияланган технологиялари асосида олиб борилмоқда. У энг илғор экологик талабларга мос бўлиб, ишлаб чиқаришдаги зарарли чиқиндиларни 99 фоиз зарарсизлантириш имкониятига эга. Бундай ускуналар МДҲ давлатлари ичида биринчи бор ушбу заводга ўрнатилмоқда. Яна бир муҳим жиҳати, завод электр энергияни ҳам ўзи генерация қилади ва туман аҳолисига етказиб беради.

Давлатимиз раҳбари шу ерда геологик қидирув ва сейсмик тадқиқот ишлари якунлари билан танишди. Инвесторлар, конни ўзлаштиришда қатнашаётган мутахассис ва қурувчилар билан суҳбатлашди.

– Асосий мақсад газни хомашё ҳолатида сотиш эмас, уни қайта ишлаб, қўшимча қийматли маҳсулотлар олиш бўлиши лозим. Инвестиция тез вақтларда ўзини оқлаб, завод рақобатбардош бўлиши учун охирги маҳсулот сифатли ва юқори даромадли бўлишига эришиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бу бўйича қарор ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Мажмуа Бойсун шаҳридан 20 километр узоқда жойлашган. Айни пайтда унинг қурилишида 7 мингдан ортиқ киши, махсус техникалар ишламоқда. Лойиҳанинг биринчи босқичи келгуси йил май ойида ишга туширилади, 2025 йилда тўла қувватга чиқади.

Президентимиз Сариосиё туманидаги Тўпаланг гидроэлектр станциясида амалга оширилган модернизация ишларини ҳам кўздан кечирди.

Мамлакатимиз ҳам иқтисодий, ҳам аҳоли сони жиҳатидан ўсиб, энергетика қувватларига талаб йилдан-йилга ортмоқда. Буни таъминлаш мақсадида давлатимиз томонидан барча манбалар ишга солинмоқда. Жумладан, гидроэнергетикани ривожлантиришга катта урғу бериляпти. Сўнгги йилларда 19 та янги гидроэлектр станция барпо этилди, 13 таси модернизация қилинди. Улардан энг муҳими Тўпаланг гидроэлектр станциясидир. У 2006 йилда ишга туширилган пайтда жами 30 мегаватт қувватли иккита агрегат бўлган.

Давлатимиз раҳбари 2019 йилнинг апрель ойида бу ерга ташриф буюриб, яна иккита гидроагрегат қуриш юзасидан топшириқ берган эди. Аввалига сув омбори тўғони қўшимча 20 метрга кўтарилди. Натижада унинг сиғими 380 миллион куб метрдан 500 миллионга етказилди. Замонавий технологиялар асосида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилиб, жами қуввати 145 мегаваттли иккита агрегат ўрнатилди. Шу тариқа, Тўпаланг ГЭСининг умумий қуввати 175 мегаваттга етиб, Чорвоқ ГЭСидан кейин мамлакатимиздаги иккинчи йирик станцияга айланди.

Самарадорлигини айтганда, бу ерда йилига қўшимча 467 миллион киловатт/соат электр қуввати яратилди. Қарийб 167 мингта хонадоннинг электр таъминоти яхшиланди. Бу йилига ўртача 107 миллион метр куб табиий газни тежаш имконини беради.

Президентимизнинг жорий йил март ойида Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Тўпаланг гидроэлектр станциясини модернизация қилиш лойиҳасига старт берилган эди. Галдаги ташриф чоғида мазкур лойиҳа асосида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишилди. Шу ерда Тўпаланг дарёси негизида гидроэнергетика қувватларини ошириш бўйича тақдимот ҳам ўтказилди. Унга кўра, келгуси йилларда дарёнинг юқори қисмида қуриш учун 20 та истиқболли лойиҳа шакллантирилган. Уларнинг умумий қуввати 264 мегаватт бўлиши мўлжалланган.

Давлатимиз раҳбари бу ишларни кенгайтириб, ҳар бир сой, имконияти бор ҳар бир маҳаллада микро ГЭСлар барпо этиш мумкинлигини таъкидлади. Шунингдек, Сурхондарёда кўмир қазиб олиш имкониятлари бўйича ахборот берилди. Қайд этилганидек, ҳудудда 82 миллион тонна кўмир захираси аниқланган. Бугунги кунда 541 минг тонна қазиб олинмоқда. Буни 2 миллион тоннага етказиш, мутахассислар тайёрлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбалари кўпайтирилмоқда. Жумладан, гидроэнергетикада бир оқим орқали кўп марта “яшил энергия” ҳосил қилиш мумкин. Шу боис Президентимизнинг 2017 йил 17 октябрдаги қарорига мувофиқ, Тўпаланг дарёсида кичик электр станциялари ҳам қурилди. Хусусан, 2020 йил декабрь ойида 37 мегаваттли “Зарчоб-1” ҳамда 2021 йил сентябрь ойида 38 мегаваттли “Зарчоб-2” ГЭСлари ишга туширилди. Бугунги кунда уларда 48 мингта хонадонга етадиган электр энергияси ҳосил қилинмоқда.

Дарёнинг қуйи қисмида яна бир кичик ГЭС – “Зарчоб-3” қурилиши лойиҳалаштирилган. Давлатимиз раҳбарининг ташрифи чоғида унинг қурилишига тамал тоши қўйилди.  Бу станциянинг қуввати 16 мегаватт бўлади ва йилига 70 миллион киловатт/соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқарилади. У табиий ва қайта тикланувчанлиги билан аҳамиятли. Шунингдек, бошқа қувватлар асосан кундузи ишлаб чиқарилгани боис, бу йўналиш энергетика тизимида ростловчи вазифасини ҳам ўтайди. Олинадиган электр таннархи ҳам бошқа манбаларга нисбатан анча арзон.  Ҳозирги тизим бўйича дарё суви махсус босим остида аввал Тўпаланг ГЭСига йўлланади. Ундан кейин бир-биридан унча узоқ бўлмаган Зарчоб станцияларидаги парракларни айлантиради.

Шунингдек, хусусий сектор томонидан микро ГЭСлар барпо этишга ҳам кенг имконият берилмоқда. Бунинг учун ҳуқуқий, иқтисодий шароитлар яратилган. Жумладан, кичик ва микро ГЭСларни қуриш истагидаги тадбиркорларга ерларни 20 йил муддатга ижарага бериш, улар ишлаб чиқарган электрни давлат томонидан кафолатли сотиб олиш тизими жорий қилинган.

2021 йилда Термизда бўлиб ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари Сурхондарё вилоятида ичимлик суви билан боғлиқ муаммога алоҳида тўхталган эди. Ўша пайтда ҳудудда марказлашган тармоқлар орқали ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 60 фоиз атрофида эди. Президентимиз бу борада “Тўпаланг” сув омбори улкан ва тоза манба эканини таъкидлаб, уни аҳолига етказиш бўйича лойиҳа тайёрлаш вазифасини қўйган эди.

Ҳақиқатан ҳам, бу ҳавзага сув тоғлардаги қор ва муз эришидан йиғилади. Текширувларга кўра, бу сувнинг қаттиқлик даражаси 4 фоиз, фойдали минералларга бой ва мусаффо. Бундан фойдаланиб, Сурхондарё аҳолиси учун муҳим ижтимоий лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида сув омборидан то Термиз шаҳригача 380 километр металл қувурлар тортилади. Унинг 159 километри магистрал, 221 километри шаҳар ва туманларни боғловчи ички тармоқлардир. Шунингдек, сув тозалаш, босимни камайтириш ва сув йиғиш иншоотлари қурилади. Бугунги кунда 147 километр қувур тортиб бўлинди. Сув тозалаш, босимни камайтириш ва  бешта сув йиғиш иншооти барпо этилди.

Сариосиё тумани Боғистон маҳалласида ушбу лойиҳанинг биринчи босқичини ишга тушириш маросими бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, “оби ҳаёт” йўлини очди. Мазкур босқичда сув Сариосиё, Денов, Шўрчи ва Қумқўрғон туманларига етиб борди. Вилоят аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 70 фоизга етди.  Яна бир муҳим жиҳати, сув ўз оқими билан тушиши туфайли 8,6 миллион киловатт/соат электр энергияси иқтисод қилинади.

Лойиҳанинг иккинчи босқичида марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 90 фоизга етказилади. Бундан Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳридаги 2 миллионга яқин аҳоли баҳраманд бўлади. Лойиҳани 2024 йилда ниҳоясига етказиш мўлжалланган.

Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида Сариосиё туманидаги Себзор маҳалласида бўлди. Бу ерда 7 минг 600 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Тўртта корхона, йигирмадан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида шу ерлик ёшлар доимий иш билан банд. Маҳалла аҳли асосан боғдорчилик, чорвачилик ва сабзавотчилик билан шуғулланади. Ўттиздан ортиқ деҳқон ва фермер хўжаликлари фаолият юритмоқда.

Давлатимиз раҳбари “Баракатулло Давр Барака” фермер хўжалиги боғида бўлиб, полиз экинлари ривожини кўздан кечирди. Бу ерда 6 гектар олма, 1,3 гектарда хурмодан мўл ҳосил олинмоқда. Дарахтлар қатор ораларида эртаки экинлар, жумладан, оқ бошли карам, пиёз, саримсоқпиёз етиштирилган.

Маълумки, Сурхондарёнинг иқлими эрта ҳосил олиш имконини беради. Лекин қишлоқ хўжалигида илмий ёндашув етишмаётгани кўрсатиб ўтилди. Шунинг учун вилоятда in-vitro лабораториялари ташкил этиб, уруғчиликни яхшилаш, умуман, Сурхондарё қишлоқ хўжалигини экспортга ихтисослаштириш зарурлиги таъкидланди. Боғ, тоғ ёнбағри ва дала четларини хатловдан ўтказиб, экинлар учун қўшимча имкониятларни ўрганиш, олимларни жалб этиб, маҳсулотлар ҳосилдорлиги ва сифатини ошириш, қайта ишлашни ривожлантириш бўйича топшириқлар берилди.

Маҳаллада ижтимоий масалалар ҳам манзилли ҳал этилмоқда. Йўллар таъмирланган. Куз-қиш мавсуми олдидан трансформаторлар янгиланди, қўшимча симёғочлар ўрнатилди. Мактаб ва мактабгача таълим муассасасида зарур шароитлар яратилган. Яқинда маҳалла ҳудудида кичик тиббиёт пункти ташкил этилди. Президентимиз ундаги шароитларни кўздан кечирди.

Асосан профилактик кўрик ва патронаж хизмати билан шуғулланадиган ушбу муассасада бир нафардан шифокор ва доя, икки нафар ҳамшира фаолият олиб боради. Маҳалла аҳолиси илгари 27 километр масофадаги шифохонага борар эди. Энди уларнинг узоғи яқин бўлди. Бу ерда болаларни эмлаш, сурункали беморларни соғломлаштириш ва уларнинг назоратини олиб бориш йўлга қўйилган.

Давлатимиз раҳбари шу ерда тиббиёт ходимлари ва мутасаддилари билан суҳбатлашди.

– Мени энг кўп ўйлантирадиган масалалардан бири – халқимизнинг соғлиғи. Шунинг учун шифохоналар қуришга, ижтимоий дорилар таъминотига, тез тиббий ёрдамга катта маблағ ажратиляпти. Тиббиёт ходимларининг ойлик маошлари ҳам оширилди. Энди муҳими – аҳолини касаллик бўйича хавф гуруҳига ажратган ҳолда, манзилли даволаш ва соғлиғини назорат қилиш, – деди Шавкат Мирзиёев.

Масалан, бир ҳудуд аҳолисининг 30 фоизи касал ёки касалликка мойил бўлади. Маҳалладаги тиббиёт ходимлари уларга алоҳида эътибор қаратиб, аҳволини кузатиб бориши керак. Шу билан бирга, тўғри овқатланиш, кўпроқ пиёда юришнинг фойдасини кенг тушунтириш, маҳаллаларда фитобарлар ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмга ташриф буюрди.

Мамлакатимиз мудофаа тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қўшинларнинг жанговар салоҳияти ва ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятини янада юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Мазкур қисмда ҳам ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш учун барча шарт-шароит яратилган. Ўқув бинолари, маънавият ва маърифат хоналари, спорт зали энг замонавий техника ва ускуналар билан жиҳозланган.

Давлат раҳбари ҳарбий қисмда яратилган шароитлар, чегарани қўриқлашда қўлланилаётган ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни кўздан кечирди. Бунда учувчисиз учиш аппаратларининг аҳамияти алоҳида таъкидланди, уларни ишлаб чиқариш масалалари муҳокама қилинди.

Қуролли Кучларимизнинг салоҳиятини ошириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шахсий таркибнинг шайлиги, замонавий қурол-аслаҳалар, учувчисиз учиш аппаратларини бошқариш ҳамда уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Давлатимиз раҳбарига “Bayraktar TB2” разведка-зарба учувчисиз учиш аппаратининг парвози намойиш этилди.

Президентимизнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи давом этмоқда.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,

ЎзА мухбирлари