Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар тадбиркор Айгул Тасбаева томонидан барпо этилган замонавий меҳмонхона фаолияти билан танишди.
Сўнгги йилларда Оролбўйида ҳам туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаси жадал ривожланиб, ушбу йўналишда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Меҳмонхона ва ресторан хизматини ривожлантиришда тадбиркордан маркетинг бўйича яхши хабардор бўлиши талаб қилинади. Чунки мижозлар ва сайёҳлар қайта келиш истагида бўлиши учун хизматни яхшилаш, ички бошқарув ва сифат назоратини ўрнатиш, уларнинг индивидуал талаб ва эҳтиёжига жавоб бера оладиган даражада таомларни тақдим этиши зарур.
Тажрибадан маълумки, меҳмонхоналар қанчалар жаҳон андозалари талабларига жавоб берса, шунчалик сайёҳлар эътиборини ўзига жалб қила олади. Шунинг учун ҳам соҳада фаолият олиб борувчи тадбиркорлар меҳмонхонага ташриф буюрган сайёҳларни кутиб олиш, уларни жойлаштириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, ҳудуднинг санитария-гигиена талабларига жавоб беришини ва меҳмонларга қулай томонларини пухта ўйлаб кўриши лозим.
Статистик маълумотларга кўра, ўтган йили Қорақалпоғистон Республикасида 44 та меҳмонхона ва шунга ўхшаш жойлаштириш воситалари давлат рўйхатидан ўтказилган. Шунингдек, ўтган йили яшаш ҳамда овқатланиш соҳасида 1 минг 510 та корхона ва ташкилот фаолият юритган бўлса, жорий йилнинг 1 август ҳолатига уларнинг сони 1 минг 750 тани ташкил этади.
Нукус шаҳрида янгидан ташкил этилган “DREAM HOTEL NUKUS” масъулияти чекланган жамият асосчиси Айгул Тасбаева Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси фаол аъзоси, намунали тадбиркорлардан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда камбағалликка қарши курашиш жараёнини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда ушбу жараёнга тадбиркорлик субъектларини манфаатли ҳамкорлик асосида қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида жорий этилган “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури доирасида тадбиркорлик субъектларига берилган солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялардан самарали фойдаланган ҳолда аҳолига сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда. Яъни ўзи раҳбарлик қилаётган “Дамир” меҳмонхонасида 50 нафар киши доимий иш билан таъминланган.
Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар меҳмонхона фаолияти, уларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишди ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари