Бугун, 1 август куни Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов расмий ташриф билан мамлакатимизга келган Корея Республикаси миллий мудофаа вазири Ли Жонг Суп бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Дастлаб меҳмонларни фахрий қоровул иштирокида расмий кутиб олиш тадбири бўлиб ўтди. Ҳарбий оркестр томонидан икки давлат мадҳияси ижро этилди.
Мудофаа вазирлиги Марказий аппаратида ўтказилган икки томонлама ҳамкорлик учрашувида генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов кореялик ҳамкасбини Ўзбекистонга уюштирган ташрифи билан қутлаб, географик жиҳатдан икки мамлакат бир-биридан узоқ бўлсада, халқларимизни руҳан яқинлик, маданий алоқалар ва қадриятларимиз бирлаштириб туришини таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистон мудофаа вазири икки томонлама ҳамкорликда эришилаётган ютуқларга тўхталар экан, ўзаро яқин дўстона муносабатлар янги стратегик шериклик босқичига кўтарилиб, иттифоқчилик муносабатлари мустаҳкамланаётганини қайд этди.
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаментидан маълум қилинишича, икки давлат мудофаа вазирлари ҳарбий соҳада эришилган ютуқлар ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган масалалар борасида ҳам ҳамкорликни давом эттиришда истиқболли таклифлар билан чиқди.
Учрашувдан сўнг Корея Республикаси ҳарбий делегацияси Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясига йўл олди. Бу ерда меҳмонлар Академия фаолияти ва инфратузилмаси билан танишади.
З.ЖОНИБЕКОВ,
ЎзА