12 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф телефон орқали мулоқот қилдилар.

Икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Покистон етакчиси давлатимиз раҳбарини бўлиб ўтган Президент сайловида ишончли ғалаба қозонгани билан самимий қутлаб, Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Суҳбат чоғида томонлар савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳаларда олий даражада қабул қилинган битим ва келишувлар амалга оширилиши муҳимлигини қайд этдилар.

Мамлакатларимиз етакчи корхоналари кооперациясини ривожлантириш ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.

Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.