Эл-юртимиз, хусусан, Навоий аҳлининг улуғ аждодимиз Алишер Навоий хотирасига ҳурмат-эҳтироми чексиз.
Буюк бобомиз номи билан аталадиган Навоий вилояти маънавий тарбия, маърифий юксалиш йўлида барчага ўрнак ва намуна бўлиши, таъбир жоиз бўлса, юртимизнинг маънавий брендига айланиши зарурлиги таъкидланди.
Масалан, 2017 йил Андижон вилоятида “Бобур йили” деб эълон қилиниб, шу асосда кенг кўламли ишлар амалга оширилган эди. Президент мана шундай ижобий тажрибани Навоий вилоятида ҳам қўллаб, янги – 2025 йилни вилоятда “Алишер Навоий йили” деб эълон қилишни таклиф қилди.
Бу йил доирасида “Ҳазрат Навоийни англаш – ўзлигимизни англаш” мавзусида Президент совғаси учун республика танлови ташкил этилади. Ҳар бир маҳалла, мактаб, олийгоҳлар ва меҳнат жамоаларида “Навоийхонлик кечалари” ўтказилади.
“Яшил макон” лойиҳаси доирасида вилоятнинг шаҳар ва туманлари, қишлоқларида Навоий бобомизга атаб янги боғлар, сўлим хиёбонлар, яшил ҳудудлар ташкил этилади.
Қуриладиган Янги Ўзбекистон боғида Алишер Навоийга бағишлаб мемориал музей ташкил этилади.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифалари юзасидан йиғилиш давом этмоқда.
ЎзА