Олтин нархи ўсишда давом этмоқда. Ушбу қимматбаҳо металл нархи чоршанба кунги савдода янги рекорд ўрнатиб, унция учун 2800 долларга кўтарилди.
– Тилла қимматлашиши Қўшма Штатлардаги президент сайлови билан боғлиқ ноаниқлик шароитида энг ишончли активга умумий талаб ортиши билан боғлиқ, – дейди «Commonwealth Bank of Australia» таҳлилчиси Вивек Дар.
Таҳлилчилар фикрича, Дональд Трамп давлат тепасига қайтиши эҳтимоли ортиб бораётгани хавфсиз активга талабни қўллаб-қувватламоқда. – Зеро, унинг ғалабаси Вашингтон сиёсати ўзгариши, геосиёсий таранглик кучайиши ва мамлакат қарз юки оғирлашишига олиб келади, – дейилган Марказий банк шарҳида.
Экспертлар тўртинчи чоракда олтиннинг ўртача нархи унция учун 2800, 2025 йил охирги чорагида эса 3000 доллар бўлишини тахмин қилмоқда.
Жаҳон олтин кенгаши ҳисоб-китобига кўра, биржадан ташқари амалиётни ҳисобга олмаганда, тиллага глобал талаб учинчи чоракда ўтган йилнинг шу даври билан бир хил – 1176,5 тоннани ташкил этди. Биржадан ташқари нархни инобатга олган ҳолда, истеъмол рекорд даражага етди. Умуман қимматбаҳо металлар истеъмоли эса 35 фоиз ошиб, йиллик ҳисобда ва биринчи марта 100 миллиард доллардан ошди.