Муносабат

Замонавий дунё ҳар куни, ҳар соатда ўз қиёфасини ўзгартириб турибди. Кеча ахборот технологиялари, электронлаштириш билан бошланган жараёнлар бугун рақамлаштириш поғонасига ўтди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 24 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Рақамли хизматлар қамрови ва сифатини ошириш ҳамда соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида соҳани ривожлантиришга доир янги вазифалар белгилаб берилди. Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази томонидан уларнинг ижросини таъминлаш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

ЎзА мухбири Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази директори Азиз МУҲИТДИНОВ билан шу ҳақда суҳбатлашди.

– Сўнгги йилларда электрон давлат хизматларини кўрсатиш тизими янги поғонага кўтарилиб, бугунги кунда Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали аҳоли ва тадбиркорларга 440 турдаги (йил бошида 370 та) ҳамда унинг мобиль иловаси орқали 190 турдаги (йил бошида 160 та) электрон давлат хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилган, – дейди А.Муҳитдинов. – Йил бошидан бери аҳолимиз хизматлардан Ягона портал орқали етти миллион маротаба фойдаланган бўлиб, натижада уларнинг 26 миллиард сўмдан ортиқ маблағлари иқтисод қилинган.

Биргина 2022 йилнинг ўзида портал орқали автотранспорт бошқаруви учун 60 мингдан ортиқ электрон ишончномалар (аҳолининг 5,7 миллиард сўм маблағи иқтисод қилинди), чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича 51 мингдан ортиқ сертификат (2 миллиард сўм тежалди), Автотранспорт ойналарини қорайтиришга (тонировка) 253 мингдан зиёд рухсатнома (7 миллиард сўм тежалди) ва бошқа электрон хизматлар тақдим этилиши натижасида аҳолининг маблағлари тежалишига эришилди.

Лекин олдинда ҳали амалга ошириладиган ишлар кўп. Чунки давлат хизматларининг катта қисми ҳамон анъанавий тарзда тақдим этиб келиняпти (жами давлат хизматларининг 45 фоизи). Хусусан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун талаб юқори бўлган транспорт, таълим, соғлиқни сақлаш, солиқ ҳамда коммунал хизмат сингари соҳалар ҳанузгача етарли даражада рақамли трансформация жараёнлари билан қамраб олинмаганлиги боис бу йўналишлардаги давлат хизматлари анъанавий тарзда (қоғоз кўринишида) кўрсатиляпти.

Йил якунигача Ягона порталда талаб юқори бўлган “Янги автотранспортни давлат рўйхатидан ўтказиш”, “Бола парваришлаш нафақасини олиш”, “Талабалар турар жойига жойлашиш”, “Солиқ декларацияларини топшириш”, “Жисмоний шахсларнинг ортиқча тўланган солиқларини қайтариш” сингари давлат хизматларини электрон кўринишда жорий этиш режалаштирилган.

– Рақамлаштиришдан ким кўпроқ манфаатдор?

– Албатта, рақамлаштиришдан барча ютади. Биринчи навбатда аҳоли ортиқча қоғозбозлик ва бюрократиядан қутулади. Коррупциянинг олди олинади. Вақт ва маблағ тежалишига эришилади. Ҳукумат, давлат ташкилотлари ва аҳоли ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот юзага келади. Одамларни у ёқдан бу ёққа сарсон қилишларга барҳам берилади.

Мисол учун, ишга ёки ўқишга кириш, ҳайдовчилик гувоҳномаси учун керак бўладиган “086-шаклдаги” тиббий маълумотномани олмоқчи бўлган одамлар ҳар сафар поликлиникага мурожаат қилишга мажбур. Агар бу рақамлаштирилса, ортиқча оворагарчилик тўхтайди.

Яна бир мисол, ерни хусусийлаштириш учун мурожаат онлайн берилади. Аммо коммунал соҳадаги маълумотлар рақамлашмагани боис, кейинги босқичлар барибир “қўлда” қилиняпти.

Йилига 300 мингдан зиёд харидор янги машина сотиб олади. Лекин, рўйхатдан ўтиш ва давлат рақами олиш учун ҳалигача йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига бориш зарур. Рақамлаштириш тўлиқ жорий этилса, шунга ўхшаган муаммоларнинг ҳаммаси босқичма-босқич унутилади. Худди бир пайтлар маҳалладан, коммунал хизматлардан маълумотномалар йиғиб юришимиз унутилганидек…

– Рақамли технологиялар соҳасида малакали кадрларга талаб қандай?

– Миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш ахборот технологиялари соҳасида тўғридан-тўғри инсон капитали ривожига боғлиқ. Республикамизда ахборот технологиялари соҳасида аҳолини ўқитиш бўйича яхлит экотизим шаклланиб, ёши ва яшаш жойидан қатъи назар, рақамли кўникмаларга эга бўлиш учун қулай имкониятлар яратилмоқда.

Ўтган йили республиканинг ҳар бир туман ва шаҳрида очилган рақамли таълим марказлари негизида 250 мингдан зиёд аҳоли дастурлашни чуқур ўрганиб чиқди, 1,5 миллиондан ортиғи онлайн платформалар орқали масофадан ўқитилди.

Мазкур йўналишни ривожлантиришнинг муҳим шартларидан бири, бу – юқори сифатли IT таълим олиш имкониятига эга аҳолимизни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам бугунги кунда давлат томонидан ёшларга халқаро IT сертификатларни олиш харажатларини қоплаш имконияти тақдим этиляпти. Яна IT таълим олишда имтиёзли кредитлаш дастурлари йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, Ягона портал орқали 2022-2023 йилларда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ўқув курсларини муваффақиятли тугатган ёшларга, шунингдек, IT-парк резидентининг ўқувчиси ёки битирувчиси бўлган 11 мингдан ортиқ  ёшларга компьютер хариди бўйича истеъмол кредити фоизлари ҳамда 16 мингдан ортиқ ёшларга халқаро имтиҳон тизимлари бўйича имтиҳон топшириш харажатлари қоплаб берилди.

– Рақамлаштиришда BPRнинг ўрни ҳақида гапирсангиз?

– BPR – “Business Process Reengineering” – бизнес жараёнларини мақбуллаштириш, осонлаштириш ёки оддийлаштириш ҳисобланади. Ҳар бир давлат хизмати маълум бир жараёнлардан иборат бўлиб, улар доимий равишда таҳлил қилинади ва ўрганилади. Мазкур ўрганиш натижасида эскирган тартиботлар доимий равишда BPR қилиб борилади. Давлат хизматларининг асосан учта воситаси BPR қилинади.

Булар: давлат хизматини олиш учун талаб қилинадиган ҳужжатларни қисқартириш; давлат хизматини кўрсатиш муддатини қисқартириш; агар давлат хизмати пуллик бўлса,  пул миқдорини камайтириш.

Оддий бир мисол, олдинлари автотранспорт воситасини бошқариш учун ишончнома расмийлаштириш юзасидан навбатлар билан ҳисоблаганда камида 4-6 соат вақт, яна бир қатор ҳужжатлар талаб этиларди. Ҳозир эса мазкур жараён тўлиқ автоматлашган бўлиб, ишончномани Ягона портал орқали расмийлаштириш 3-5 дақиқада талабгордан ҳеч қандай ҳужжат талаб этмаган ҳолда амалга ошириляпти.

Давлат хизматларини BPR қилишда хизматнинг талабгорга содда, оддий, қулай тақдим этилиши – хизматдан компьютер саводхонлигига эга одам фойдаланадими ёки нафақадаги фуқароми, ҳаммага тушунарли бўлиши муҳимдир.

– Аҳоли ва тадбиркорларнинг бир нечта портал, сайт ёки мобиль иловаларни юклаб олиши билан боғлиқ чалғишлари бўйича бирор таклиф берилдими? 

– Аҳоли ва тадбиркорларимиз ўз фаолиятида турли давлат хизматларидан фойдаланади. Мазкур давлат хизматлари вазирлик ва идораларнинг порталлари ҳамда сайтларида жойлаштирилган. Натижада мутахассис ёки тадбиркор бир вақтнинг ўзида бир нечта порталдан фойдаланиши, ушбу порталларда шахсий кабинетига эга бўлиши керак.

Масалан, қайсидир фирма ҳисобчиси ходимни Пенсия жамғармасига ҳисобга қўйиш учун банк расмий веб сайти орқали, солиқ ҳисоботларини жўнатиш учун шу йўналишдаги портал орқали, ходимлар тўғрисида маълумотларни янгилаш учун меҳнат тизимидан фойдаланиб, турли амалларни бажаришга мажбур.

Бу эса, албатта, мутахассисни чалғитиши, бир маълумотни турли порталларга қайта-қайта киритишига олиб келмоқда. Шу каби ноқулайликларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 майдаги фармони асосида эндиликда вазирлик ва идораларнинг 26 та ахборот тизимларини Ягона порталга бирлаштирган ҳолда давлат хизматларини “Бир нуқта – бир ойна” тамойили асосида кўрсатилишига эришилади.

– Президент топшириғи билан амалга оширилиши белгиланган 540 дан ортиқ лойиҳа аҳолига қандай қулайликлар яратади?

– Бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган топшириқларга асосан фуқаролар учун рақамли ҳукуматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга мўлжалланган 180 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилиб, бу орқали аҳоли ва тадбиркорларимизга бир қанча қулайликлар яратилди.

Мисол учун, Божхона омборларида 370 та юк операциясини рақамлаштириш туфайли  5,3 миллиард сўм маблағлар иқтисод қилинди ва расмийлаштиришга кетадиган вақтнинг 3 соатдан 30 дақиқагача қисқартиришга эришилди.

Мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари ва тарбияланувчиларининг давоматини юритишни рақамлаштириш, субсидиялар, яна солиқ ушланмаларини автоматик равишда ҳисоблаш амалиёти йўлга қўйилиши туфайли 21,7 мингдан ортиқ оилавий нодавлат боғчаларда 20 миллиард сўмгача ортиқча субсидия маблағи тўланишининг олди олинди.

“Ташқи иқтисодий фаолият портали”нинг янги талқини ёрдамида экспорт-импорт шартномаларини мониторинг қилиш, молиявий айланмалар ҳисоботларини шакллантириш орқали ойига 15 мингдан ортиқ шартнома расмийлаштирилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида имтиёзли электрон чипталарни сотиш тизими йўлга қўйилиши натижасида 600 дан ортиқ темир йўл имтиёзли чипталари сотилди ва аҳолининг 100 миллиондан ортиқ маблағи тежалди.

“Менинг уйим” биллинг тизими орқали кўп қаватли уйларни бошқариш ташкилотларида мажбурий бадал тушумларининг онлайн мониторинги йўлга қўйилди ҳамда 1,2 миллион абонент томонидан 353 миллиард сўм тўлов амалга оширилди.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан “Ягона дарча” тизимида ички қатновларда хусусий (ижарадаги) бўш вагонларни темир йўл орқали ташиш учун электрон буюртма шакллантириш имконияти яратилиши орқали 500 дан ортиқ электрон буюртма шартномаси шакллантирилиб, 5,6 миллиард сўм миқдорида сарф қилинадиган ҳаражат иқтисод қилинди.

Ўз навбатида, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 майдаги қарорига мувофиқ, 2023-2024 йилларда амалга ошириладиган 300 та устувор лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

– Биринчи галда қайси соҳаларни рақамлаштириш зарур, деб айта оласиз?

– Хабарингиз бор, бугунги кунда тиббиёт соҳасига илғор рақамли технологияларни татбиқ этиш ва аҳолининг электрон тиббий паспортини шакллантириш олдимизда турган долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, сув танқислиги 2030 йилга бориб, 7 миллиард куб метрни, 2050 йилга бориб эса 15 миллиард куб метрни ташкил қилиши тахмин қилинмоқда. Бу ушбу соҳани рақамли трансформация қилиш орқали сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш зарурлигининг яна бир исботидир.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йил 22 февраль куни соҳа ва ҳудудларда рақамлаштириш жараёнини жадаллаштириш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда ушбу икки соҳани рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш бўйича алоҳида топшириқлар берилди.

Шунга асосан топшириқларни сифатли бажариш мақсадида марказимизда “Соғлиқни сақлаш” ва “Сув хўжалиги” соҳаларини рақамли трансформация қилиш бўйича лойиҳа офислари ташкил этилмоқда. Шунингдек, ушбу йўналишларда 25 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда.

Хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасини рақамли трансформация қилиш бўйича халқаро молия институтларининг 50,5 миллион евро кредит ва грант маблағлари жалб қилинмоқда. Бу орқали “Рақамли соғлиқни сақлаш ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси амалга оширилиб, фуқароларнинг ягона электрон тиббий картаси шакллантирилади, электрон рецепт бериш амалиёти йўлга қўйилади ва шу каби 20 дан ортиқ бошқа лойиҳалар амалга оширилади. Ягона порталда 8 турдаги электрон хизмат ишга туширилади.

Сув хўжалиги соҳасида кластер ва фермерлар билан сув олиш шартномалари ҳамда буюртманомаларни электрон шакллантириш имконияти яратилади, бу орқали солиқ тушумларини 5 фоизгача ошириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, сув хўжалиги объектларига 13 мингдан ортиқ рақамли назорат-ўлчов қурилмаларини ўрнатиш ҳисобига сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги 5 фоизга оширилади.

– Ҳудудларда рақамли ҳукумат лойиҳаларини амалга ошириш жараёнлари қандай кечмоқда?

– Бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган фармон ва қарорларга асосан ҳудудларда 370 дан ортиқ лойиҳа бажарилаётган бўлиб, “Рақамли ҳудуд” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Мазкур лойиҳа доирасида биринчи навбатда жорий йил якунига қадар Тошкент вилоятининг 5 та шаҳрида (Ангрен, Оҳангарон, Янгийўл, Чирчиқ ва Нурафшон) ҳамда Жиззах ва Урганч шаҳарларида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига оид маълумотларни таҳлил қилишни таъминловчи геопорталлар ишга туширилади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу геопорталлар вазирлик ва идораларнинг 70 турдаги маълумотлари билан ўзаро интеграция қилинади.

Бундан ташқари, ушбу ҳудудларда аҳолига қулайликлар яратиш ва жамоатчилик назоратини кенгайтириш мақсадида уларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини тезкор бартараф этишга қаратилган “Халқ назорати” портали амалиётга жорий қилинади. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда аҳоли томонидан порталга келиб тушган ариза ва шикоятларга асосланилади. Дастурдан биринчи галда ушбу муаммоларни келтириб чиқарган сабабларни бартараф этишга қаратилган лойиҳалар ўрин олади.

Шу билан бирга “Рақамли ҳудуд” лойиҳасини босқичма-босқич республиканинг барча ҳудудларида жорий қилиш чоралари кўрилади.

 – Марказ томонидан лойиҳаларнинг кечикиш ёки бажарилмаслик ҳолатлари қандай баҳоланади?

– Марказда ҳар бир вазирлик ва идорадаги рақамли трансформация жараёнларига бевосита ёрдам бериш учун лойиҳа менежерлари мавжуд. Улар ҳар бир давлат ташкилоти билан лойиҳалар бўйича доимий ҳамкорликда ишлаб, амалиётга сифатли жорий этилиши чораларини кўради.

Ўз навбатида, вазирлик, бизнинг марказ, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича инспекция ҳамда “Киберхавфсизлик маркази” ҳамкорлигида давлат ташкилотларида бажарилмаётган лойиҳаларнинг кечикиш сабаблари ўрганилиб, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар бериб келинмоқда. Хусусан, ҳозирда режа-жадвалга асосан ҳар ҳафта 2-3 тадан давлат органининг рақамлаштириш бўйича ўринбосари ва масъул мутахассислари иштирокида лойиҳаларнинг бажарилиш ҳолати муҳокама қилинмоқда.

Шу каби ўрганиш тадбирлари туфайли, давлат бошқаруви ва иқтисодиёт тармоқларини рақамли трансформация қилиш доирасида шу йилнинг ўзида 40 дан ортиқ лойиҳа амалиётга жорий этилиб, бир қатор ижобий натижаларга эришилди.

Биргина мисол, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖда ёнилғи-мойлаш материалларини қабул қилиш ва транспорт техникасига тақсимлаш объектлари учун ягона автоматлаштирилган ахборот тизими жорий қилиниши натижасида ёнилғи қуйиш шохобчаларида хизмат кўрсатиш вақти икки баробарга қисқартирилди. 2023 йил биринчи чорагида ёнилғи-мойлаш материаллари харажатини 10 миллиард сўм миқдорида камайтиришга эришилди.

Йил якунига қадар давлат ташкилотларида яна 300 дан ортиқ лойиҳа тўлиқ ишга туширилади.

Мана шу амалга оширилаётган ишлар натижасида халқаро рейтингларда, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Электрон ҳукумат бўйича (E-government Survey) навбатдаги рейтингида янада юқори ўринларга кўтарилиш, хусусан, 50 талик давлатлар қаторига кириш режалаштирилган.

ЎзА мухбири 

Абдулазиз РУСТАМОВ суҳбатлашди