Аввал хабар берилганидек, Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида вазирлик ва ташкилотлар вакиллари иштирокида брифинглар ўтказилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Б.Аълоев иштирокида брифинг ўтказилиб, унда хорижий давлатлардаги ватандошларимизнинг ушбу жараёндаги иштирокини таъминлаш борасидаги ишлар хусусида маълумотлар берилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистоннинг 39 та хорижий давлатлардаги элчихона ва бош консулхоналари ҳузурида 56 та сайлов участкалари ташкил этилди. Чет элдаги фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида уларни сайловчилар рўйхатига киритиш учун махсус электрон хизмат жорий қилинди.
Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Дунё” ахборот агентлиги томонидан хорижий давлатларда ташкиллаштирилган сайлов участкалари манзиллари кўрсатилган интерактив харита ишлаб чиқилиб, Агентлик веб-сайтида эълон қилинди. Шу кунга қадар мазкур интерактив харитадан хорижда бўлиб турган 165 мингдан ортиқ ватандошимиз фойдаланди.
Хориждаги сайлов участкаларида жорий йилнинг 28 июнь – 5 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш ўтказилди. Ушбу жараёнда Ўзбекистон фуқаролари зич жойлашган 45 та хорижий давлатларда, жумладан, дипломатик ваколатхоналаримиз мавжуд бўлмаган шаҳарларда қўшимча равишда жами 906 та кўчма овоз бериш нуқталари ташкил этилди. Муддатидан олдин овоз бериш жараёнида 180 минг 729 нафар фуқароларимиз ўз конституцион ҳуқуқларидан фойдаланди.
Брифингда қайд этилганидек, хориждаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалар томонидан ушбу муҳим сиёсий тадбир тўғрисида чет элдаги фуқароларимизнинг ҳамда маҳаллий аҳолининг хабардорлигини ошириш мақсадида ватандошлар, хорижий оммавий ахборот воситалари, чет эл расмийлари ва экспертлари иштирокида 650 дан ортиқ тарғибот-ташвиқот ишлари, брифинг, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил қилинди. Уларда 82 мингдан зиёд иштирокчилар қатнашди.
Бундан ташқари, хориждаги Ўзбекистон фуқароларини сайловга кенг жалб қилиш мақсадида ватандошлар ва диаспорал ташкилотларнинг ижтимоий тармоқлари орқали сайловга оид 1 минг 300 дан ортиқ маълумотлар тарқатилди.
Таъкидлаш жоизки, хорижда ўтказилаётган сайловда умумий ҳисобда 231 минг 776 нафар сайловчи қатнашиши кутилмоқда.
Муҳтарама Комилова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА