Мактабгача таълим агентлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаеванинг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим ташкилотлари таълим-тарбия жараёнини илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ яратилган “Илк қадам” давлат ўқув дастури асосида режалаштиради. Мутахассиснинг сўзларига кўра, 2022/2023 ўқув йили якунида МТМ дан 7 ёшга тўлган 647 655 нафар бола (ўтган йилдагидан 80 659 нафар кўп ) бошланғич таълим билан қамраб олинади. Қайд этилишича, ўқув йили сентябрь ойидан майга қадар давом этади.
Давлат талаблари боланинг қай даражада ривожланганлиги ва эгаллаган ютуқларини белгилаб, улардаги билим, малака ва кўникмалар ривожланишининг кўрсаткичларини аниқлайди. Жисмоний ривожланиш ва соғлом турмуш тарзининг шаклланиши, ижтимоий-ҳиссий ривожланиш, нутқ, мулоқот, ўқиш ва ёзиш малакалари, билиш жараёнининг ривожланиши, ижодий ривожланиш каби мазкур 5 та йўналиш 7 ёшгача бўлган болаларнинг ўз-ўзига хизмат кўникмаларининг шаклланиши, нутқ, ўқиш ва саводга тайёрлаш даражасини, атроф-олам ҳақидаги тушунчалар ва қўйилган талабларни эгаллаши учун асосий омил ҳисобланади.
Мактабгача таълим ташкилотларида ёзги соғломлаштириш даври ҳар йили 1 июндан 31 августгача давом этиб, соғломлаштириш ва чиниқтириш тадбирлари, кўнгилочар соатлар, байрамлар, спорт мусобақалари, кўрик-танловларни қамраб олган мослаштирилган режа асосида фаолият юритилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА