Мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий хатти-ҳаракатлари ва қабул қилган қарорлари доим ҳам қонуний бўладими? Албатта, бу жараёнда фуқаролар ҳуқуқини чеклайдиган қарорлар ҳам учрайди. Бундай вазиятда нима қилиш керак?
Айнан шундай масалаларда фуқароларга қулайлик яратиш, ҳуқуқлари ҳимояси таъминланиши учун мамлакатимизда маъмурий судлар ташкил этилди. Маъмурий судлар бу борада суд назоратини таъминлашнинг демократик механизми бўлиб, давлат органлари фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ташкил этилган маъмурий судлар бугунги кунда оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низолар ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқмоқда.
Олдин бундай ишлар, яъни маъмурий низолар иқтисодий, жиноят, фуқаролик судларида кўриб келинган. Бу, албатта, ана шу судларда кўриладиган ишлар кўпайишига ва, табиийки, одамларнинг суд билан боғлиқ ишлари тезроқ кўрилишига тўсқинлик қилган.
Ҳозир ҳар бир туман ва шаҳарда маъмурий судлар ташкил қилингани ишларни тезкор ва сифатли кўриб чиқиш, фуқароларнинг вақти ва маблағи тежалишига имкон бермоқда.
– Ҳар бир соҳада ихтисослашиш иш унуми ҳамда сифати ошишига хизмат қилади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси ўринбосари Мўмин Астанов. –Маъмурий судларнинг алоҳида ихтисослашган суд сифатида ташкил этилиши маъмурий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан ишларни пухта, ягона суд амалиётига таянган ҳолда ушбу судга ихтисослашган судья томонидан кўриб чиқилишига замин яратди. Ўз навбатида, бу мазкур соҳада суд амалиётини умумлаштириш, таҳлил этиш, тегишли қонун ҳужжатларини амалий ёндашув асосида такомиллаштириш, низоларни камайтириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш каби ишларда ижобий натижа бермоқда.
Шуни ҳам айтиш ўринлики, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, жумладан, фуқароларнинг давлат органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ёки улар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларига таъсир қиладиган қарорлари устидан шикоятларни кўришга оид нормалар аввал Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларида мавжуд эди. Лекин бу кодексларда ушбу тоифа ишларни ҳал этишнинг процессуал тартиблари тўлиқ эмас эди.
2018 йил 1 апрелдан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси кучга киргани жисмоний ва юридик шахсларни уларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зид бўлган давлат бошқаруви, ўзини ўзи бошқариш органлари ва улар мансабдор шахсларининг ноқонуний қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)дан суд орқали ҳимояланиши процессуал-ҳуқуқий жиҳатдан таъминланди.
Ўтган йилда маъмурий судларда 273 мингга яқин маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш ҳал этилди. Шунингдек, 11 мингдан ортиқ оммавий-ҳуқуқий муносабатларга оид низолар бўйича 6,5 мингга яқин жисмоний ва юридик шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
2018 йилнинг биринчи чорагида эса маъмурий низолар билан боғлиқ 4 минг 783 та иш кўриб чиқилди. Бунинг натижасида 3,5 мингга яқин фуқаронинг ҳуқуқлари тикланди.
Маъмурий судлар томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда кўзда тутилган ҳуқубузарликлар бўйича 102 минг 481 нафар шахсга нисбатан 84 мингдан ортиқ иш кўриб чиқилди.
Таҳлилларга кўра, маъмурий судлар томонидан кўрилган ишларнинг аксариятини ҳайдовчиларнинг тезликни ошириши, транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариши, йўл ҳаракати қоидалари бузилиши натижасида жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши, тегишли ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти кабилар ташкил этмоқда.
Ишларни кўриб чиқиш натижасида 73 минг 394 шахсга нисбатан жарима, махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоқ ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юбориш каби маъмурий жазолар қўлланилди.
Маъмурий низолар ҳаётда истаймизми-йўқми, барибир учраб туради. Муҳими, бу каби ишларнинг судларда тезкорлик билан, кўп ҳолларда сайёр суд мажлислари орқали қисқа муддатларда кўрилаётганидир. Илгари оддий қоидабузарлик учун ҳам одамлар судда ҳафталаб, ойлаб сарсон бўлганини ёдга олсак, бугун суд тизими инсон манфаатларига мос фаолият юритаётганига амин бўлиш мумкин.