“Йўқ буғдойга йўқ тегирмон”. Бу мақол бежизга айтилмаган. Аммо шундай кимсалар борки, уни бор қилиш пайига тушади. У ўзида йўқ нарсани хаёл қилди ва сохта транспорт прокурори бўлиб, одамларни алдаш йўлига ўтди. Илгари ҳам бир неча маротаба номусга тегиш, ўғирлик каби жиноятлар учун жазо муддатини ўтаган бўлса-да, бу қилмишидан ўзига тўғри хулоса чиқармаган экан. У яна жиноят кўчасига кирди. Бу сафар у давлат идорасининг мансабдор кишиси бўлди. Яъни Қўнғирот тумани Транспорт прокурори лавозимида ишлаган Бакир исмли шахс ниқоби остида ўзини таништириб, осон бойлик орттириш пайига тушди.

Қармоққа илинадиган ёғлироқ балиқ излади ва уни топди ҳам. Ўзининг болаликдаги таниши Алиш бунинг учун энг осон ўлжа бўлди. Алиш “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Мискин” бекати ёнилғи омбор хўжалиги Қўнғирот ёнилғи омборхонаси мудири бўлиб ишларди.

Бир куни у Алишнинг телефонига нотаниш рақамдан қўнғироқ қилиб: –Мен Бакирман, Қўнғирот тумани Транспорт прокурори танимадингми? Бугун меҳмонларим бор. Уларга зиёфат беришим керак. Шунга 1.200.000 сўмни пластик рақамга ташла. Содда Алиш унинг буйруғини рад этмайди.   Иш осон кўчганидан хурсанд бўлган Бакир ана шундай режаларни туза бошлайди. Алиш ўз амалидан айрилиб қолмаслик учун Бакирнинг кунора қилган қўнғироқларига жавоб бериб, у сўраган пулларни етказиб бериш ҳаракатига тушди. Бир куни тутинган отасининг автомашинасига янги баллонлар олиб бериш учун 2.200.000 сўм олган бўлса, сўнг Бакир автомашинани таъмирлаш учун 7.000.000 сўм зарурлигини айтади.

Алиш Бакирнинг бу каби қинғир ишларидан шубҳага тушади ва транспорт прокуратурасида Бакир исмли инсон борлигини аниқлаш ҳаракатига тушади. Ҳақиқатда собиқ прокурор Бакирни топиб, унга бўлган воқеаларни сўзлаб беради. Шундан сўнг сохта Бакирнинг қилмишларини фош этиш мақсадида тезкор тадбир ўтказилади. Оқибатда Бакир ўзининг кейинги топшириғи бўйича Алишдан сўраган 200 АҚШ долларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Мазкур иш судда кўрилиб, сохта Бакир аслида Алишнинг болаликдаги таниши эканлиги аниқланиб, унинг жинояти далиллар билан исботини топди. Суд ҳукми билан унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан ҳамда шу кодекснинг 57-моддаси қўлланилиб, уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Даўлетбай Разов,  

Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси.  

ЎзА.