Нукус ҳарбий госпиталида Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан “Ҳарбий прокуратура – армия прокуратураси” шиори остида аёл ҳарбий хизматчиларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида тиббий кўрик ташкил этилди.

Кўрикдан аввал Республика ҳарбий прокурорининг катта ёрдамчиси адлия майори Г.Турсунова, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси З.Реймова, Нукус ҳарбий прокурори адлия полковниги У.Абдураҳимов, Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларининг оилалари билан ишлаш бўйича бош мутахассиси З.Мансурова хотин-қизларни ҳимоя қилишнинг ижтимоий-ҳуқуқий асослари, аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга яратилаётган имкониятлар борасида ўз фикр мулоҳазаларини баён қилди.

–“Ҳарбий прокуратура – армия прокуратураси” шиори остидаги тадбир юртимизнинг шимолий сарҳадларидан бошлангани бежиз эмас, – дейди адлия майори Г.Турсунова. – Қуролли кучлар салоҳиятини оширишда ҳарбий хизматчи аёлларнинг ҳам жуда катта ўрни бор. Ҳукуматимиз томонидан аёлларнинг ижтимоий ҳимояси йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар доирасида аёл ҳарбий хизматчиларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Инсон учун, энг аввало, соғлиқ муҳим экан, биз Ватан ҳимоячиларининг саломатлигига бефарқ эмасмиз ва ҳар қандай масалада ҳамиша ёрдамга шаймиз. Шу куни, ҳарбий госпиталда фақат тиббий кўрик ташкил этилибгина қолмасдан, Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси ходимлари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан ҳарбий хизматчи аёлларнинг мурожаатлари ҳам тингланди.

–Ҳарбий эканимдан фахрланаман, – дейди суҳбат чоғида Гулшат Пирниязова. – Ҳарбий хизматчилар мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтказилади. Бепул даволанамиз. Ҳукуматимиз ҳарбий хизматчи биз каби аёлларга яратиб берилган имконият ва имтиёздан миннатдормиз. Тадбир иштирокчилари “Саҳродаги Лувр” деб ҳам юритиладиган дунёга машҳур И.Савицкий номли Қорақалпоғистон давлат санъат музейига ташриф буюрдилар.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА