Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Олий мартабали меҳмонни Самарқанд халқаро аэропортида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Икки давлат байроқлари ва гуллар билан безатилган аэропортда Қатар Амирига халқимизга хос юксак меҳмондўстлик кўрсатилди. Бой миллий маданият ва санъатимиз намуналари намойиш этилди. Куй-қўшиқлар ижро қилинди.

Ўзбекистон ва Қатар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йилдан зиёд вақт ўтган бўлса-да ушбу мамлакат раҳбари илк бор юртимизга  давлат ташрифини амалга оширмоқда. Бу кейинги йилларда давлатларимиз ўртасида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани натижасидир. Жумладан, яқинда Тошкент шаҳрида Қатар давлатининг элчихонаси очилди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 5 июнь куни қабул қилинган фармони билан Қатар фуқаролари учун визасиз тизим жорий этилди.

Ташриф давомида Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади. Бунда, энг аввало, фаол сиёсий мулоқотлар ва маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш, энергетика, газ-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, логистика, туризм ва бошқа тармоқларда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш эътибор марказида бўлади.

Давлат раҳбарлари халқаро сиёсат ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалаларини ҳам муҳокама қиладилар.

З.ЖОНИБЕКОВ, Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА