Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” асари BBCнинг “Барча даврларнинг 100 та энг буюк болалар китоблари” рўйхатига киритилди.

Бу рўйхатни шакллантириш учун 56 та мамлакатнинг 177 нафар экспертига «Барча даврларнинг энг яхши болалар адабиётларига қайси асарлар киради?» деб савол берилган. Улар ўз танлови бўйича 10 та энг яхши болалар китоби рўйхатини тузган. Экспертлар рўйхатидаги ҳар бир китобга жойлашган ўрнига қараб 10 баллдан 1 баллгача берилган.

Экспертлар томонидан жами 1050 та китоб номи кўрсатилган.

Рўйхатнинг биринчи ўнталигидан

1) Морис Сендакнинг “Махлуқлар қўним топган маскан” (“Where the Wild Things Are“,1963) ,

2) Люис Керроллнинг “Алиса мўъжизалар мамлакатида”

(Aliceʼs Adventures in Wonderland , 1865),

3) Астрид Линдгреннинг “Пеппи- Узунпайпоқ” (Pippi Longstocking, 1945),

4) Антуан де Сент Экзюперининг “Кичик шаҳзода” (The Little Prince, 1943),

5) Жон Роналд Руэл Толкиннинг “Хоббит” (The Hobbit, 1937) ,

6) Филипп Пулманнинг  “Шимол ёғдуси” (Northern Lights, 1995),

7)  К.С.Люиснинг “Шер, афсунгар ва кийим жавони” (The Lion, the Witch and the Wardrobe, 1950),

8) А.А Милн ва Э.Х.Шепарднинг “Момиқвой” (Winnie-the-Pooh, 1926),

9) Э.Б.Гарт Уилямснинг “Шарлоттанинг ўргимчак тўри”(Charlotteʼs Web ,1952),

10) Роалд Дал ва Квентин Блейкнинг “Матилда”

(Matilda, 1988) асарлари ўрин олган.

BBCнинг умумий рўйхатида эса “Шум бола” 73-ўринни эгаллади.

Айтиш жоизки, халқимизнинг суюкли шоири ва ёзувчиси Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” асари 1936 йилда яратилган бўлиб, унда ўсмир боланинг кечмиш ва саргузаштлари, Тошкент шаҳрининг XX аср бошидаги ҳаёти ўзига хос тарзда, катта маҳорат билан очиб берилган.

 

Н.Усмонова,

ЎзА