Адвокатлик гувоҳномасини олиш мақсадида талабгор ариза бериш учун адлия органига бориши, ортиқча ҳужжатларни тақдим этиши, гувоҳнома расмийлаштирилганидан сўнг уни олиб кетиш учун такроран адлия органига йўл олиши талаб этиларди. Бу эса ортиқча вақт ва оворагарчиликни келтириб чиқарган.

Мазкур оворагарчиликларни бартараф этиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг «Адвокатура фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Унда адвокатура фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишнинг устувор вазифалари белгиланди.

Жумладан, 2023 йил 1 январдан бошлаб адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи учун лицензия бериш, талабгор томонидан малака имтиҳонини топширишининг амалдаги тартиби сақланган ҳолда “Лицензия” ахборот тизими орқали амалга оширилади ва расмийлаштириб борилади.

– Шу мақсадда ҳукумат қарори билан Адвокатлик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди, – деди Адлия вазирлиги масъул ходими Фазлиддин Зарипов. – Эндиликда адвокатлик гувоҳномасини олиш учун фақатгина электрон мурожаат қилишнинг ўзи кифоя қилади (талабгордан ортиқча ҳужжатлар талаб этилмайди).

Низомда адвокатлар учун қуйидаги енгилликлар назарда тутилмоқда: адвокатлик гувоҳномасини олиш учун электрон шаклда мурожаат қилинади, агар адвокат адвокатлик тузилмасини янги ташкил этган бўлса, адвокатлик гувоҳномасини олиш учун мурожаат қилиши талаб этилмайди.

Унга гувоҳнома автоматик тарзда композит хизмат кўрсатиш йўли билан берилади, адвокатлик гувоҳномасини гувоҳнома берувчи органга бормасдан туриб олиш мумкин.

Бунда адвокатлик гувоҳномаси адвокатнинг хоҳишига кўра адвокатлик тузилмасининг манзилига етказиб бериш (курьерлик) хизмати орқали юборилади.

Адвокатлик гувоҳномаси QR-код қўйилган ID card шаклида расмийлаштирилади.

QR-кодни сканерлаш орқали адвокатнинг адвокатлик гувоҳномаси ким томонидан берилганлиги, адвокат мақоми, адвокат фаолият юритаётган адвокатлик тузилмасининг номи, адвокатнинг ихтисослиги, лицензия рақами ва берилган санаси аниқланади.

Бунда адвокатнинг ихтисослиги ва фаолият юритадиган тузилмаси ўзгарганда гувоҳномани қайта расмийлаштириш талаб этилмайди.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА