Шу кунларда юртимиз бўйлаб “ID-картани расмийлаштириш” мавсуми бошланди, десак муболаға бўлмайди. Чунки бундан ўн йил муқаддам шахсни тасдиқловчи ҳужжат – паспортлар оммавий равишда алмаштирилган, “паспорт стол”ларда узундан-узоқ навбатлар ҳосил бўлган эди.

Паспортим муддати тугагани учун яқинда Миробод тумани ички ишлар бўлими миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилдим. Тўғриси, бир кишидан кейин навбатим келгани, ортиқча ҳужжатлар талаб қилинмаганидан мамнун бўлдим.

Илгари “паспорт стол”лар ёнида қандайдир “хизмат кўрсатиш столлари” пайдо бўлгани, бир варақ қоғоз тўлдиргани учун фалон сўм ундиргани кечагидек эсимда.

Энг қизиғи, ID-картам бир кунда тайёр бўлди. ID-картани қўлга олганимда ушбу соҳага оид айрим саволлар пайдо бўлди. Уларга жавоб топиш учун Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоевага мурожаат қилдик.

– ID-картани расмийлаштириш ва бериш қайси ҳолларда амалга оширилади?

– Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 22 сентябрда “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унда ID-карта беришга оид тартиблар белгиланди.
ID-картани расмийлаштириш ва бериш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади: ота-оналар, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра — бола туғилгандан бошлаб 16 ёшга тўлгунига қадар; фуқаро 16 ёшга тўлганда; Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинганда ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси сифатида тан олинганда; ID-картанинг амал қилиш муддати тугаганда; фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси, жинси ўзгарганда; ID-картага ёки чипга киритилган маълумотларда ноаниқликлар, хатолар ва техник нуқсонлар мавжудлиги аниқланганда; ID-карта ёки чип яроқсиз ҳолга келганда; ID-карта ашёвий далил сифатида олиб қўйилганда; ID-карта йўқотиб қўйилганда.

– Фуқаро ID-карта олиш учун ўзига қулай бўлган маълумотларни йиғиш пунктига қайси ҳужжатларни тақдим этади?

– Фуқаро маълумотларни йиғиш пунктига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади: белгиланган шаклдаги ариза-анкета; илгари берилган паспорт ёки ID-карта; туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома (ID-карта биринчи маротаба расмийлаштирилаётганда); ваколатли органнинг қарори (ID – карта ашёвий далил сифатида олиб қўйилганда); давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция (электрон тўлов тизимлари орқали тўланганда квитанция мажбурий эмас).

–Фуқароларга қандай ҳолларда ID-карта расмийлаштириш рад этилади?

– Агар фуқаро қўл бармоқ излари олинишидан бош тортса ёхуд кўзойнакда ёки бош кийимда суратга тушиш истагидан қайтмаса, маълумотларни йиғиш пункти фуқарога ID-карта расмийлаштиришни рад этади.

– Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсга идентификация ID -картаси бериш қандай ҳолларда амалга оширилади?

– Бундай шахсларга ID-картаси бериш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади: уларнинг ота-оналари, васийларининг (ҳомийларининг) ихтиёрига кўра – бола туғилгандан бошлаб 16 ёшга тўлгунига қадар, шахс 16 ёшга тўлганда; шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, фуқаролиги, туғилган санаси, жинси ўзгарганда; ID-картанинг амал қилиш муддати тугаганда; ID-картага ёки чипга киритилган маълумотларда ноаниқликлар, хатолар ва техник нуқсонлар мавжудлиги аниқланганда; ID – карта ёки чип яроқсиз ҳолга келганда; ID – карта ашёвий далил сифатида олиб қўйилганда; ID-карта йўқотиб қўйилганда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари биометрик паспортлари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахс ва чет давлат фуқароларининг яшаш гувоҳномаларини идентификация ID-карталарига алмаштириш:

биринчи босқичда 2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 декабргача ихтиёрийлик асосида 16 ёшга тўлганда ҳамда қонунчиликда кўзда тутилган бошқа сабабларга кўра;

иккинчи босқичда 2023 йил 1 январдан 2030 йил 31 декабргача мажбурий тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти 2031 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади.

ID-картани расмийлаштиришни нафақат ички ишлар органлари,  балки давлат хизматлари маркази орқали ҳам амалга оширса бўлади.

Кўриниб турибдики, ID-картани расмийлаштириш борасида ҳеч қандай бюрократик тўсиқлар ёки узоқ навбат кутишдек муаммолар йўқ. Фақат белгиланган давлат божини тўласангиз бас, ҳужжатга эга бўласиз.

Норгул Абдураимова, 
ЎзА