Қозон шаҳрида бўлиб ўтган “Россия – Ислом дунёси: Қозон форуми-2023” халқаро иқтисодий анжумани доирасида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) мамлакатлари ва Россия федерацияси ахборот агентликлари раҳбарлари иштирокидаги «Россия – Ислом дунёси: барқарор ривожланиш ва иқтисодий фаровонлик йўлида медиа ҳамкорлик» махсус кенгайтирилган сессияси ташкил қилинди. Учрашувда қатор давлатлардан келган мутахассислар мавзуга оид фикр, мулоҳазаларини ўз медиа ташкилоти фаолияти мисолида тақдим этишди.

«Иттифоқимиз қийинчиликларга қарши курашиш учун қулай платформа, шунингдек, ўзаро яқинлашиш нуқтасидир», дейди ИҲТ мамлакатлари ахборот агентликлари иттифоқи халқаро алоқалар ва стратегик ривожланиш бўйича директори Юнус Иноят.

Унинг сўзларига кўра, яқин келажакда яқин Шарқда ҳамкорликни ривожлантириш учун РТ телевизион тармоғининг бир бўлаги – «Руптли» халқаро видео агентлиги ўз ваколатхонасини очади.

– Ҳозиргача Берлин ва Москвада қароргоҳига эга агентлигимиз энди Абу-Дабида ҳам идора очади, – деди Юнус Иноят. – 10 йилдан бери фаолият юритиб келаётган жамоа таркибидаги 2 мингдан зиёд журналист бугун дунёнинг барча нуқталаридан маълумот узатмоқда. Ходимларимиз квадро коптердан фойдаланган ҳолда видео маҳсулотлар ҳам тайёрламоқда. Биз ҳамкорлик доирасида биргаликда амалий машғулотлар ўтказишни режалаштиряпмиз. Бу жараёнда ҳамкасбларимиз видео ёки бошқа шаклдаги ҳар қандай янгиликнинг ҳақиқийлиги қандай аниқланишини ўрганишлари мумкин.

Медиа шериклигини ривожлантириш тенденциясини ҳисобга олган ҳолда, Россия журналистлар уюшмаси котиби Тимур Шафир халқаро журналистлар клуби тузишни, айни жараёнда шерик медиа ташкилотлари, жумладан Россия журналистлар уюшмаси билими, имконияти ва инфратузилмасидан фойдаланишни таклиф қилди.

– Клуб Москвада жойлашади, тадбирларни эса бошқа шаҳарларда, чет элларда ўтказиш ҳам мумкин, – деди Темур Шафир бу ғоя ҳақида батафсилроқ гапираркан. – Форумлар, журналист ва талабалар учун учрашув, тренинг, семинарлар, эҳтимол, доимий фаолият кўрсатадиган сайт орқали тил курслари ташкил қилинади. Клубга Яқин Шарқ, Африка, Осиё мамлакатлари журналистлари жалб этилади. Иш тамойили умумий бўлади.

– RT Arabic” аллақачон араб талабалари ва ОАВ учун таълим лойиҳалари ва бошқа ноёб амалиётлар таклиф қилмоқда, – деди канал раҳбари Мая Манна.

– Биз Араб канали сифатида минтақавий ҳамкасбларимиз билан яхши алоқадамиз, келажакда журналистлар амалиёт ўташи учун университетлар билан ўзаро ҳамкорлигимиз бор. Биз ОАВга ходимларни ўқитишда ёрдам беришни хоҳлаймиз. 15 йил давомида биз ажойиб жамоа шакллантирдик. Ижтимоий тармоқдаги томошабинлар сони бўйича “Ал-Жазира” ва “Ал-Арабия”дан илгарилаб кетганмиз. Биз реаллик ва ташқи чекловларни ҳисобга олган ҳолда ўзгаришга ҳаракат қилиб, муваффақиятли тажриба тўпладик. Бу малакани ғарб оммавий ахборот воситалари билан баҳам кўришимиз мумкин. Тренинглар ўтказишга тайёрмиз.

Мая Манна, шунингдек, яқинда канал ўқувчи ёки томошабин ҳар қандай RT маҳсулотини юклаб олиб, ижтимоий тармоққа жойлаштира оладиган тугма ишга туширилганини айтди: Биз авваллари бундай ҳолатлар билан курашардик, кўчириб босиш қоидасига риоя қилинишини сўрардик. Энди эса контентни очиқ таклиф қиляпмиз: марҳамат, тарқатинг. Видео фактларни олинг ва воқеани турлича нуқтаи назардан таҳлил қилинг.

– Биз ёш журналистлар, талабалар билан контент алмашиш, улар учун тренинг ташкил этишнинг турли шаклларини амалиётга жорий қилганмиз, –  деди «Россия сегодня”/Sputnik» медиа гуруҳи Халқаро ҳамкорлик дирекциясининг ОАВ билан ишлаш бўлими бошлиғи Ася Самойлова– Шунингдек, компаниямиз ИҲТ мамлакатлари ахборот агентликлари уюшмаси билан бирга қўшма маърузалар ўқишни таклиф қилади.

Сессия якунида журналист, Мисрдаги Россия ва собиқ совет олий ўқув юртлари битирувчилари ассоциацияси асосчиси Гед Шариф Ҳасан Муҳаммад ОАВ вакилларига замонавий дунёни рус маданиятисиз тасаввур этиб бўлмаслигини унутмаслик зарурлигини эслатди. Бинобарин, 2023 йил март ойида 40 дан зиёд мамлакат вакиллари халқаро русофил ҳаракатини тузишга қарор қилгани бежиз эмас.

Кенгайтирилган медиа сессияси якунида ИҲТ мамлакатлари ахборот агентликлари Иттифоқи ва Татаристон Республикаси (Россия) Матбуот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ўртасида ахборот соҳасида икки томонлама профессионал ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш тўғрисида Меморандум имзоланди.

«Россия – Ислом дунёси» халқаро иқтисодий форуми ташқи матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.

Ғ.Хонназаров, ЎзА