Ислом мамлакатлари учун янги ахборот имкониятлари очилмоқда. Қозон шаҳрида бўлиб ўтган “Россия – Ислом дунёси: Қозон форуми-2023” халқаро иқтисодий анжумани доирасида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) мамлакатлари ва Россия федерацияси ахборот агентликлари раҳбарлари иштирокидаги кенгайтирилган медиа сессиясида шундай хулосага келинди.

«Россия – Ислом дунёси: барқарор ривожланиш ва иқтисодий фаровонлик йўлида медиа ҳамкорлик» мавзусидаги махсус сессияда БАА, Россия, Ироқ, Марокаш, Туркия, Тунис, Саудия Арабистони, Покистон, Миср ва бошқа мамлакатлар етакчи медиа экспертлари – ИҲТ мамлакатлари вакиллари сўзга чиқди.

Йирик телевидение ва радио компаниялари раҳбарлари, мутахассислари барқарор ривожланиш муаммосини ҳал қилишда “медиа дипломатияси”нинг роли ва имконияти, замонавий дунёда мамлакатлар ўртасида ахборот шериклиги истиқболини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАнинг энг фаол ҳамкорларидан бири – Ислом ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари ахборот агентликлари уюшмаси бош директори Муҳаммад Ал-Ямий шериклик кўламини кенгайтириш режаси, хусусан “Россиянинг ролини акс эттириш учун” ташкилотнинг янгиланган ахборот платформасига рус тилини жорий этиш режаси ҳақида маълумот берди. Унинг фикрича, нафақат бизнес, балки ахборот соҳасида тажриба алмашиш ҳам халқларни бир-бирига яқинлаштиради.

“Иттифоқимиз платформалари ҳам таълим, ҳам ахборот йўналишида бирлашиш учун тайёрлигини эълон қиламиз», деди Муҳаммад Ал-Ямий.

– Россиянинг ўзига хослиги Ислом таркибий қисми ва рус маданиятини уйғунлаштириш, турли халқлар ўртасида гуманитар кўприклар ўрнатиш имконини беради, РФ ва Ислом дунёсини ўзаро яқинлаштиради, – дейди ИҲТ мамлакатларни ахборот йўналишида ривожлантириш департаменти директори Важди Синди.  Бу жараёнда ОАВ муҳим ўрин эгаллайди. Умид қиламизки, ҳамкорлигимиз одамлар ҳаёти сифатига ижобий таъсир кўрсатадиган иқтисодий омилларни ривожлантиришга кўмаклашади.

Ислом савдо маркази бош директори Латифа Ал-Буабдуллавий бу фикрга қўшимча қилиб, шундай деди: Ниятимиз Ислом дунёси мамлакатлари, барча шериклар ўртасида икки ва кўп томонлама савдони, инвестицияни ривожлантиришдир. Айни мақсадга журналистикасиз эришиб бўлмайди.

– Муваффақиятли ахборот шериклиги калити нафақат жаҳон сиёсати ва иқтисодиётининг асосий муаммоларига ёндашувнинг яқинлигида, балки умумий анъанавий маънавий-ахлоқий қадриятларни белгилаш ва медиа маконида ҳимоя қилишда ҳам, – дейди «Россия – Ислом дунёси» стратегик қараш гуруҳи ҳамда Федерация Кенгаши халқаро ишлар қўмитаси раиси ўринбосари Фарит Мухаметшин, – Бугунги кунда тузилмамиз Ислом журналистлари ва ОАВ билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.

«Россия – Ислом дунёси» халқаро иқтисодий форуми ташқи матбуот хизмати билан биргаликда тайёрланди.

Ғ.Хонназаров, ЎзА