Бугун пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ“ марказий кўргазмалар мажмуи залида Ўзбекистон иккинчи халқаро энергетика форумининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Энергетика вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар масъуллари, мутахассислари ҳамда маҳаллий ва хорижлик иштирокчилар қатнашган ушбу маросимда Ўзбекистон ёқилғи-энергетика саноати истиқболлари ва халқаро тажрибаларни алмашиш аҳамиятига асосий урғу берилди.
Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, Энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси ва унинг ҳамкори – “ICA Eurasia” томонидан ташкил этилган ушбу халқаро тадбирда Австрия, Озарбайжон, Арманистон, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Дания, Испания, Италия, Қозоғистон, Нидерландия, БАА, Хитой каби 24 давлатдан 50 нафар маърузачи ва 500 нафардан ортиқ делегат иштирок этмоқда.
“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директори Нигора Ҳасанованинг қайд этишича, мазкур форум иштирокчилар учун замонавий нефть-газ ва энергетика соҳасининг долзарб масалалари, жумладан, жаҳон нефть-газ саноати, тоза ва барқарор энергияга ўтиш муаммолари билан бир қаторда, давлат-хусусий шериклик ва инвестицияларни жалб этишга ечим топишда катта мулоқот майдонидир.
– Мамлакатимиз энергетика ва нефть-газ соҳаларида ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айнан шу ислоҳотлар ижросига қаратилган ушбу халқаро тадбир ҳам бу ишларни тизимли ташкил этишда имкониятлар очишга хизмат қилади. Масалан, унда иштирок этаётган ҳар бир халқаро компания, албатта, ўзига ҳамкор излайди. Қолаверса, кейинги йилларда электр энергияга бўлган эҳтиёж ва талабнинг ошиб бориши ушбу тизим фаолиятини янада такомиллаштириш масаласини қўймоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур ишларни тизимли ташкил қилишда муҳим аҳамият касб этади, – деди Н. Ҳасанова.
Шунингдек, форум доирасида Ўзбекистон ёқилғи-энергетика мажмуаси истиқболларини намойиш этиш ва халқаро тажрибанинг истиқболли лойиҳаларга интеграциялашувини акс эттирувчи ялпи сессия, B2G, G2B ва B2B форматидаги ишчи учрашувлар ҳам ўтказилмоқда.
Форум доирасида “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU2023” халқаро кўргазмасида иштирок этаётган Россиянинг «Невский завод» акциядорлик жамияти энергетика ва экспорт бўлими бошлиғи Илья Измайлов бу каби тадбирлар соҳадаги янгиликлардан хабардор бўлишга ундашини таъкидлади.
– «Невский завод» акциядорлик жамияти кўп йиллик тажрибага эга. Россиядаги етакчи энергетика корхонаси ҳисобланган завод нефть ва газ саноати, металлургия, кимё ва энергетика тармоқлари учун ускуналарни лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ва комплекс етказиб бериш билан шуғулланади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, биз учун Ўзбекистон ишончли ҳамкор. 1953 йил илк бор заводда ишлаб чиқарилган ускуналар, хусусан, газ ва буғ турбиналари юртингизга етказиб берилган. Ташкил этилган форум ва кўргазмалар биз учун ҳар жиҳатдан фойдали ҳамда ишончли ҳамкорлар топишда жуда қўл келади, – деди И. Измайлов
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА