16-18 май кунлари Самарқандда Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилиши ўтказилди.
Саммит ишида Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти, Европа Комиссияси вице-президенти, ЕТТБ Бошқарувчилар кенгаши раиси, хорижий ҳукуматлар, етакчи трансмиллий корпорациялар ва саноат холдинглари, халқаро молия институтлари ва банклар раҳбарлари, шунингдек, дунёнинг 70 мамлакатидан иқтисодиёт, инвестиция, молия, инновация соҳаси экспертлари ва таҳлилчилари, фуқаролик жамияти фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари – жами 2,5 мингдан зиёд иштирокчи қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 май куни Бошқарувчилар кенгашининг йиғилишида иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари олти йил муқаддам бошлаган қатъий ислоҳотларимиз натижасида мамлакатимизнинг қиёфаси бутунлай ўзгариб, дунёга кенг очилаётгани, бугун Янги Ўзбекистон барча соҳаларда халқаро ҳамкорлик учун тайёрлигини таъкидлади.
Халқаро анжуманнинг учинчи куни ҳам томонлар учун бирдек манфаатли жиҳатларни назарда тутган қатор тадбирлар ўтказилди.
Айниқса, Марказий Осиё минтақаси, хусусан, республикамиз иқтисодиётини янада юксалтиришга хизмат қилувчи “Ўзбекистон капитал бозорининг ривожланиши”, “Ўзбекистон банклари трансформацияси ва банкларимизни хусусийлаштириш жараёни” сессиялари мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди.
“Америка – Ўзбекистон савдо палатаси. Америка ҳикояси: АҚШ бизнеси нима сабабдан Марказий Осиёда?” номли сессияни Ўзбекистон – Америка савдо палатаси ижрочи директори Елена Сон бошқариб борди.
Қароргоҳи Америка Қўшма Штатлари пойтахти Вашингтон шаҳрида жойлашган мазкур тузилма АҚШ компанияларининг Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фаолият олиб боради.
Америка – Ўзбекистон савдо палатаси масъулларига ушбу нуфузли анжуман дастурида алоҳида йиғилиш учун имконият берилиши бежиз эмас. Зеро, бугунги кунда минтақамизни иқтисодий ривожлантириш жараёнида АҚШ билан ҳамкорлик муҳим ўрин тутади.
Ушбу тадбирда ҳам Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон бозорида фаолият олиб бораётган йирик компаниялар вакиллари, сармоядорлар, бизнесменлар фаол иштирок этди. Бевосита мулоқот қилиш, турли долзарб мавзуларда музокара олиб бориш, муаммоли масалаларни биргаликда ҳал этиш имконини тақдим этган учрашув давомида улар бир-бирларига ўзларининг янги маҳсулот ва хизматларини таклиф этишди.
– Биз ЕТТБ ва Ўзбекистоннинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларини юксак қадрлаймиз ва эътироф этамиз, – дейди Елена Сон. – Умуман, бундай ажойиб фаоллик бошқа халқаро тузилмаларни ҳам мамлакатингиз билан алоқани мустаҳкамлашга ундаяпти. Ўзбекистон – Америка савдо палатаси республикага 30 йил олдин кириб келган. ЕТТБ билан ҳам биз доимий равишда, айтиш мумкинки, ҳар кунги тартибда бирга ишлаймиз. Алоқаларимиз изчиллик касб этган, мунтазам равишда кўплаб муҳим соҳа ва тармоқларни ривожлантиришга қаратилган вебинарлар, турли шаклдаги учрашувлар, самарали мулоқотлар ўтказамиз. Шу маънода минтақавий шерикликни мустаҳкамлашга йўналтирилган бугунги тадбир ҳам тез орада ўз натижаларини беришига ишонамиз.
Бошқарувчилар кенгаши мажлиси якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида ЕТТБ президенти Одиль Рено-Бассо хоним Самарқанд анжумани юқори савияда ташкил этилганини юксак баҳолаб, бунинг учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди.
– Ўтган йилги фаолиятимиз сарҳисобида дунё бўйлаб мамлакатларга рекорд даражада инвестиция киритганимиз кўринди, – деди Одиль Рено-Бассо. – Айниқса, энергетика, “яшил” иқтисодиёт, озиқ-овқат хавфсизлиги йўналишларига ажратган сармоямиз салмоқли бўлди. Келгусида ҳам ушбу йўналишлар устуворлиги сақлаб қолинади. Иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш учун инвестициянинг 50 фоизи “яшил” иқтисодиётга йўналтирилади.
Самарқанд мезбонлик қилган Бошқарувчилар кенгаши йиғилиши доирасидаги барча учрашув, сессия ва мунозаралар муваффақиятли ўтди. Бошқарувчилар кенгаши банкимиз тарихидаги энг салмоқли келишувлар жамланмасини имзолади. Бу ҳужжатлар биз билан ишлаётган ва ташқи ҳамкорларимиз ҳисобланган давлатларга тегишли уч асосий йўналишни қамраб олди.
Умуман, уч кун давомида Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 32-йиллик йиғилиши доирасида ўтказилган элликдан зиёд тадбирда ЕТТБ иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда келгуси вазифалар, бошқа халқаро ташкилот ва тузилмалар билан ҳамкорлик, дунёдаги геосиёсий вазиятдан келиб чиқиб, мамлакатлар иқтисодиётини ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтлари ролини ошириш каби муҳим масалалар муҳокама этилди. Ўзбекистонда бизнесни йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун яратилаётган қулай имкониятлар, жозибадор инвестиция муҳитига оид маълумот берилди, тақдимотлар ўтказилди. Кўплаб вазирлик, идоралар, молия муассасалари томонидан ҳар томонлама манфаатли келишувларга эришилди.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ,
Ғолиб ҲАСАНОВ,
ЎзА мухбирлари