Ёш чегарачилар ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг Республика босқичи иштирокчилари Тошкентга етиб келди.
Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ташаббуси билан қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасида иштирок этадиган ёшлар бугун эрта тонгдан пойтахтимизда кутиб олинди.
Вилоятлар, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасидан келган 13 та жамоа таркибидаги 130 нафар ўқувчи ёшларнинг дастлабки манзили “Темурийлар тарихи” давлат музейи бўлди. Бу ерда улар Соҳибқироннинг ҳаёти, ҳарбий маҳорати ва шажараси хусусида батафсил маълумотга эга бўлди. Шунингдек, Амир Темур хиёбони ва Халқаро анжуманлар саройи билан танишув ҳам ёшларда катта таассурот қолдирди.
Навбатдаги манзил “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ва унинг ҳудудидаги “Шон-шараф” давлат музейи бўлди. Мазкур мажмуа билан танишув давомида эртамиз эгалари Иккинчи жаҳон уруши йилларида халқимиз кўрсатган юксак қаҳрамонлик намуналарига гувоҳ бўлди. Албатта, тарих ва бугунни боғловчи масканларга амалга оширилган бундай маданий ҳордиқ тадбирлари иштирокчиларнинг руҳиятини янада ошириб, уларга мотивация бериши ва янги-янги зафарлар сари руҳлантириши, шубҳасиз.
Таъкидлаш керакки, “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаси Республикамизнинг чегараолди ҳудудларида жойлашган умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган чақириққача тайёргарлик ёшидаги ўқувчиларни Ватанга муҳаббат ва ҳарбий бурчга садоқат руҳида тарбиялаш, уларни чегара хизматига қизиқтирган ҳолда босқичма-босқич тайёрлаб бориш мақсадида ташкил этиб келинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, эртага, 18 май куни “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади ва мусобақа шартларига старт берилади. Мусобақалар 3 кун давом этади.
Н.Бозорова, ЎзА